Ислом уламоларининг буюклиги
Исломда илм ва уламоларнинг ўрни жуда юксакдир. Уламолар – умматнинг нури, ҳидоят йўлини кўрсатувчи машъаладир. Агар улар бўлмаса, инсонлар жаҳолат, гуноҳ ва залолатга тушиб қолиши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Олимнинг обид (ибодат қилувчи) устидан фазли – тўлин ойнинг юлдузлардан устунлиги кабидир. Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олса, улкан насибага эришибди.” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики: илм – энг катта бойликдир. Уламолар – энг улуғ инсонлардир.
Ҳадисда олимнинг фазли тўлин ойнинг юлдузлардан устунлигига қиёс қилинган. Бунинг маъноси шуки, олим нафақат ўзига балки бошқаларга ҳам фойда келтиради. Обид киши эса фақат ўз ибодати билан чекланади.
Илм – Аллоҳнинг хос неъматидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ (билимли) қилади.”
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак: динни тушуниш – Аллоҳнинг неъмати, бу ҳар кимга берилмайди.
Ҳадисда келади: “Бир фақиҳ (олим) шайтон учун минг обиддан ҳам оғирроқдир.”((Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Чунки, олим ҳақни билади, одамларни ҳам тўғри йўлга бошлайди ва шайтоннинг ҳийлаларини фош қилади
Ҳақиқий олим ким?
Ҳақиқий олим: илмга амал қилади, ихлос билан яшайди, одамларга манфаат келтиради ҳамда нафс ва дунёга берилмайди.
Олимнинг фақат билимга эга бўлиш етарли эмас, у амал ва тақво билан безаниши шарт.
Уламоларнинг жамиятдаги ўрни
Уламолар: ҳақ билан ботилни ажратади, инсонларни ҳидоятга бошлайди ва жамиятни ислоҳ қилади.
Улар бўлмаса, илм ҳам, тўғри йўл ҳам йўқолади.
Хулоса қилиб айтганда, Исломда уламоларнинг ўрни беқиёс:
Улар – пайғамбарлар меросхўрлари, улар – умматнинг нуридир.
Улар – жамиятни сақлаб турувчи кучдир.
Шунинг учун уламоларни ҳурмат қилиш, улардан илм олиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Манбалар асосида Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.