Яхшилигини билдирмайди…
Ҳаётимиз фаровон, имкониятларимиз кенгайиб бораётган бўлсада, одамлар орасидаги меҳроқибат камайиб бораётгандек. Бировнинг дардига бефарқ, фақат ўзини ўйлайдиганлар кўпайган.
Аммо умрини хайру саховат билан ўтказаётган инсонлар, кам бўлсада, топилади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” деган ҳадисига амал қилиб, хайрли ишларда бардавом бўлмоқда (Имом Термизий ривояти).
Ана шундай яхшиликни ҳаётий шиорига айлантирган Исмоилжон ҳожи Шокиров (исмишарифи ўзгартирилган) барчага ўрнак.
Исмоилжон ҳожи ўзидан орттириб ўзгаларга яхшилик қилишни кундалик юмушига айлантирган. Имкон бўлди дегунча, бирор жамоат ташкилоти ёки эҳтиёжмандларга хайрия улашади. Кўпинча бу ишларини одамларга билдирмайди.
Маҳалла-кўйдан у киши ҳақида суриштирсангиз, янги масжид қурилишига катта ҳисса қўшгани, ўнлаб беморларни шифохонада ўз ҳисобидан даволатаётгани, талабаларнинг шартнома пулини тўлаб бораётгани, ҳамқишлоқларини умра сафарига юборгани, мактаб, боғчалар ва шифохоналарни оталиққа олиб, зарурий жиҳозлар билан таъминлагани, беваларга ер ажратиб, уй қурилишида қарашаётгани, етимлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиши каби кўплаб олижаноб ишлари ҳақида сўзлаб беришади.
Усмонали ҲОЖИМАТОВ,
Балиқчи тумани
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws