“РАҲМАТ СЕНГА, РИМЛИК СИНГЛИМ…”
Роппа-роса тўрт йил олдин Аллоҳнинг фазли билан У Зотнинг буйруғини бажаришга аҳд қилдим. Бу кун хотирамга бир умрга муҳрланди…
Охирги уч йил жуда оғир кечди. Бошимдан нималар ўтганини фақат Яратганга аён. Бироқ ҳаётда нимаики бўлса, ҳаммаси яхшиликка…
Нега ҳамон ибодатларим ўлда-жўлда? Ахир эсимни таниганимдан буён, улғайсам, албатта, Аллоҳ буюрган ишларни қиламан деб аҳд қилганман-ку! Шу аҳдим менга тинчлик бермай қўйди. Италиялик бир қизнинг Ислом динини қандай қабул қилгани ҳақида ёзганларини ўқидим. Унинг жасорати мени ҳам қатъий қарор қабул қилишга ундади.
У мендан 18 ёш кичик, асли римлик қиз коллежда таҳсил олган пайтлари ҳақ йўлни қидирган. Ёзишича, ўшанда у 15 ёшда бўлган. Ота-онаси насроний динига эътиқод қилишар, дам олиш кунлари оилавий черковга қатнашарди. Қиз изланишда давом этиб, дунёдаги бошқа динларни ҳам ўрганишга киришган.
“Ислом дини ва унинг арконларини ўрганишни бошлаганимда, “Мана ҳақиқат, мана адолат!” деб чинқириб юборганимни эслайман. Умримда илк бор хотиржам эдим. Қалбим ҳақни топганини ҳис қилдим. Бир ҳафтада Қуръоннинг таржимасини ўқиб тугатдим ва калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлдим. Паспортдаги исмим Марта, муслима опасингиллар орасида мени Марям деб чақиришади”, деб ёзади у.
“Мусулмон бўлганимни оиламдагилардан беркитиб келяпман. Ҳозир ёшим 18 да. Коллежда ўқиб юрган пайтларим уйдан шим ва футболкада чиқардим. Йўлакчада эса авратларимни тўсувчи кийимни кийиб олардим. Намозларимни ҳам беркитиб ўқирдим. Сабаби, яқинларим Исломни қабул қилганимни билишса, мени тинч қўймасликлари аниқ эди. Коллежни тугатиб, бошқа шаҳарга кўчиб келдим. Бу ерда ўқишга кирдим ва ишлаяпман. Энг асосийси, бу ерда ҳеч нарсадан қўрқмайман. Охирги пайтларда ота-онамнинг ҳаққига кўп дуо қиляпман. Улар ҳам ҳақ динни топишларини орзу қиламан”.
Бу ҳикоя мени ғафлатдан уйғотди. Ўша кунёқ Аллоҳ буюрганидек ибодат қила бошладим. Алҳамдулиллаҳ, хушуъ билан адо эта оляпман. Ҳаёт синовлардан иборат экан. Ўзига шукр! Қийинчилик пайтлари Аллоҳнинг муборак тасаллиси қулоғим остида жаранглайди: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-оят)…
Нафиса ПАРДАЕВА оққа кўчирди.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws