Фойдаланади, эгалик қилмайди
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, менинг молим ва болаларим бор. Отам молимни олиб қўймоқчи”, деди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг мол-мулким, бола-чақам бор. Отам эса молимни совуриб ташлаяпти”, деди. У зот: “Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир. Албатта, болаларингиз – касб қилиб топганларингизнинг энг покларидан. Шундай экан, уларнинг мол-мулкидан еяверинглар”, дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
Умора ибн Умайрдан ривоят қилинади: «Менинг аммам Ойша розияллоҳу анҳодан: “Қарамоғимда етим болам бор, унинг молидан есам бўладими?” деб сўрабди. У бундай дебди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг еганлари ичида энг яхшиси – ўз меҳнати билан топганидир, фарзанди(нинг моли) ҳам унинг топгани жумласидандир”, деганлар”» (Сунан эгалари ривоят қилган).
Отанинг ўз фарзандлари устидаги ҳаққи – улуғ. Ҳар бир фарзанд ушбу ҳақларни яхши билиб олиши ва уларни тўла-тўкис адо этиши динимиз буюрган улуғ амаллардандир. Юқоридаги ҳадисларда ана шундай ҳақлардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Унга кўра, ота фарзандларининг мол-мулкларидан бемалол фойдаланиши мумкин.
Уламолар масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, мазкур ҳадисларни умумий маънода, яъни ота ҳар қандай ҳолатда фарзандининг молини истаганича тасарруф қила олади, деб тушунмаслик кераклигини таъкидлайдилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир одамга – у хоҳ ота бўлсин, хоҳ ўғил – мол-мулкка мустақил эгалик қилиш ҳуқуқини берган. Шунинг учун ҳар ким молининг закотини ўзи беради: фарзанд учун ота, ота учун фарзанд закот чиқармайди.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: “Менга Қурбон ҳайити байрам қилинди…” дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, ўғлимнинг туяси бор, шуни қурбонлик қилсам бўладими?” деди. У зот: “Йўқ”, дедилар…» (Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис ўғилнинг моли отанинг молидан бошқа эканини кўрсатади” (“Шарҳу маъонил осор”).
Имом Айний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис ота ўғлининг молининг эгаси эмаслигига далил. “Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангники”, деган ҳадис эгалик маъносида эмас, балки зарурат пайтида, еб-ичиш каби эҳтиёжига кифоя қилгудек миқдорда олишга ҳақли деган маънодадир».
Ота нафақат фарзанднинг ҳаётлигида, балки вафотидан кейин ҳам унинг молига эга чиқолмайди. Балки Аллоҳ таоло белгилаб қўйган миқдорича мерос олади, холос. Агар мол бутунлай отага тегишли бўлганида, ота унинг ҳаммасини олган бўлар эди.
Аллоҳ таоло айтади: «Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур)» (Нисо сураси, 11-оят).
Имом Таҳовий айтади: “Аллоҳ таоло ўғилнинг молига ота билан бирга бошқаларни ҳам меросхўр қилди. Бундан ўғил ҳаётлигида унинг ҳамма моли отанинг мулки бўлиши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Акс ҳолда, бошқаларнинг ҳам меросхўр бўлиши маънисиз бўлиб қоларди” (“Шарҳу маъонил осор”).
Қуйидаги ҳадисда масала яна ҳам ойдинлашади. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, болаларингиз – Аллоҳнинг сизларга берган ҳадясидир: “Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур” (Шуаро сураси, 49-оят). Бас, улар ҳам, моллари ҳам, агар эҳтиёжингиз бўлса, сизларникидир», дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Демак, ота фарзандининг молидан фақат эҳтиёжи тушган пайтдагина фойдаланиши жоиз бўлади. Эҳтиёждан мурод – нафақа. Яъни ота-она кексайиб, касб қилишга ярамай қолганларида уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон билан таъминлаш фарзанднинг зиммасига тушади. Шунинг учун ота-она нафақа борасида эҳтиёж сезиб қолишса, фарзандининг молидан – таоми, либоси ёки дори-дармонига кифоя қиладиган миқдордагина олиб ишлатишга ҳақли бўлади. Лекин фарзандининг мол-мулкига эгалик қилолмайди.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналаримизни иззат-икром қилишга, улар муҳтож бўлган нарсаларни ўз молларимиздан беришга тарғиб қилганлар.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws