“Ва”нинг вазифаси нима?
Зумар сурасининг 71-ояти: “Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди”. Мазкур суранинг 73-ояти: “Ва Раббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида ва унинг эшиклари очилди”.
Аввалги оятда дўзах дарвозалари зикр қилинганида: “Унинг эшиклари очилди”, дейилди. Лекин кейинги оятда жаннат дарвозалари зикри келганда: “Ва унинг эшиклари очилди”, дея Аллоҳ таоло “ва” боғловчисини зикр қилди.
Хўш, нима сабабдан шундай? Араб тилида “ва” боғловчиси етти сонидан кейин зикр қилинади. Яъни араблар: бир ва икки эмас, балки: олти, етти ва саккиз деб санайди. Сабаби, улар сонларнинг асл ададини 7 та, қолган сонларни зоида (ортиқча) деб ҳисоблайди. Шунинг учун 7 билан 8 сонлари орасини “ва” боғловчиси билан ажратадилар. Бу “Саккизлик вови” деб ҳам аталади. Демак, Зумар сурасида дўзах дарвозаларининг сони 7 та бўлгани учун “ва” боғловчиси келмади.
Жаннат дарвозаларининг адади 8 та бўлгани учун “ва” боғловчиси зикр қилинди. “Саккизлик вови” “ўзгартирувчи” ҳам дейилади. Яъни “ва”дан кейин келган сўз ундан олдин келган сўздан фарқли бўлади. Бунга муфассирларнинг қуйидаги сўзлари далилдир:
“Дўзах дарвозалари Аллоҳ таолонинг раҳмати ўлароқ ёпиқ туради. Фақат унинг аҳли келгандагина очилади. Жаннат дарвозалари эса ҳамиша очиқ. Худди меҳмон келиши учун мезбон хонадон эшигини очиб қўйилганидек”. Таҳрим сурасининг 5-оятида ҳам шундай: “У сизларни талоқ қилса, шоядки, Рабби сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, тавбачи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб берса”.
Шу ўринда Аллоҳ таоло “ва” боғловчисини 7-сифат “жувон”дан кейин, 8-сифат “қиз”дан олдин зикр қилди. Икки сифат орасидаги мутаоризлик (қарама-қаршилик) эса аёл бир вақтнинг ўзида ҳам жувон, ҳам қиз бўлолмаслигидир. Икки сифатни ажратиш учун “муғояро (ўзгартириш) вави” келди.
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан