Қўшни ҳақидан эҳтиёт бўлинг
Бир танишим куйиниб айтиб қолди: “Маҳалламизда бир қассоб мол-қўйлар терисини ҳовлида қайта ишлаш билан шуғулланадиган бўлди. Аммо кўп ўтмай қўшнилари унинг бу ишидан озорлана бошлади. Сабаби, терини ишлаш жараёнида чиққан бадбўйлик ён-атрофдаги ҳовлиларга ҳам тарқалиб, кўнгилни беҳузур қиларди. Қўшнилар бир-икки бор қассобга аҳволни ётиғи билан тушунтиришди. Қассоб уларга бунинг чорасини топишга ваъда берди-ю, лекин ҳеч нарса қилмади. Оқибатда маҳалла фаоллари, экология назорати масалага аралашишди. Энди қассоб қўшниларини “кўролмас”, “ичиқора”га чиқариб, орқаваротдан масхара қила бошлади. Қўшнилар эса жанжални кўпайтиришдан хижолат тортиб, унга инсоф тилашдан бошқа чора қилолмадилар…”
Афсус, ҳаётда бундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Чунки яхши қўшничилик хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик ва соғлом маънавий муҳит омили эканини унутяпмиз. Шу боис динимиз қўшни ҳақини адо этишни оддий одоб эмас, балки иймон ва тақво мезони сифатида кўрсатади.
Аллоҳ таоло амр қилади: «…қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!» (Нисо сураси, 36-оят).
Эътибор қилинг, ояти каримада қўшни ота-она ва қариндошлар билан бир қаторда зикр қилинмоқда. Тафсир уламолари “бегона қўшни”ни қариндош бўлмаган ёки дини бошқа бўлган қўшни деб изоҳлаганлар. Демак, Ислом қўшничиликни миллат, қариндошлик ёки дин билан чегараламайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин!..” (Имом Термизий ривояти). Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифлардан қўшнига озор бериш катта гуноҳ экани англашилади. Динимиз нафақат қўшнига азият етказишдан тийилиш, балки унга ҳамиша яхши муносабатда бўлиб, қўлидан келганча яхшилик қилишга буюради. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар (Тўртовлари ривоят қилишган).
Мазкур ҳадиси шариф Исломда қўшничиликка нечоғли юксак аҳамият берилишини кўрсатади. Хўш, қўшни ҳақи нималарни ўз ичига олади? Улар – қўшнига (баланд овоз, чиқинди, беадаблик орқали) озор етказмаслик, ҳурмат кўрсатиш, қийинчилик пайтида ёрдам бериш, хурсандчилик ва мусибатда шерик бўлиш, оч қолса, бефарқ бўлмаслик ва ҳоказо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшниси оч ўтирганда, ўзи тўқ ҳолда ётган киши мўмин эмас” (Имом Бухорий ривояти). Демак, қўшнининг аҳволига бефарқлик иймонга путур етказади. Бугундан бошлаб ўзимиздан сўрайлик: Қўшнимиз билан муносабатимиз қандай? Унинг ҳақларига риоя қиляпмизми? У қийинчиликда бўлса, бефарқ эмасмизми?
Унутмайлик, ҳар биримиз қўшнимиз ҳолидан хабар олишни одат қилсак, жамиятимизда адоват эмас, меҳр устувор, ҳаётимизда барака зиёда бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни қўшни ҳақига риоя қилувчи, унга манфаат етказувчи солиҳ бандаларидан қилсин.
Одил ЖАББОРОВ,
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Араловул” жоме масжиди имом-хатиби
(Т.Шернаев уюштирди).