ЗИММАМИЗДАГИ ОМОНАТЛАРИМИЗ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажида бундай васият қилдилар: “Эй одамлар! Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдингиз. Уларни Аллоҳнинг каломи билан ҳалол қилдингиз. Аёлларга яхшилик қилинглар. Чунки улар сиз учун ўзларидан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаган ёрдамчидир!” (Имом Бухорий ривояти).
Аёлларимиз бизга омонат экан, уларга зулм қилмаслик ва ҳақларини адо этишга буюрилганмиз. Исломда аёл – энг мўътабар. Расулимиз уларнинг омонат эканини таъкидладилар. Ахир, аёл – она, аёл – жуфти ҳалол, аёл – бизнинг келажагимиз. Шунинг учун у зот аёлга ҳеч қачон ёмонлик қилмасликка, зулм қилмасликка буюрдилар.
Сўзларида давом этиб айтдилар: “Огоҳ бўлинг, албатта, аёлларингиз устида сизнинг ҳаққингиз, сизнинг устингизда ҳам аёлларингиз ҳақлари бор. Аёлларингиз сиздан бошқасини, сиз ёмон кўрадиган кимсани уйингизга қўймасин. Беҳаё ишларни қилмасин. Агар шу ишларда сизга итоат қилса, зиммангизда уларни меъёрида едириб-ичириш, кийинтириш мажбурияти бор”.
Шу тариқа аёлларнинг бизда ҳақлари борлигини эслатиб, эри ёмон кўрган инсонни хонадонига киргизмаган, беҳаёлик, шармсизлик қилмаган аёл итоатли эканини хабар бердилар. Аёлларнинг жамиятга фойда келтиришига монелик йўқ. Агар шундай бўлса, бундай аёлларга амали учун Аллоҳ ажрини берсин. Аммо эркаклар оила ташвишини аёлига тўла юклаб қўйишдан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мана шуни таъкидламоқдалар.
Ниҳоят, васиятдан мен келтирмоқчи бўлган маълумот: “Сизларнинг Раббингиз бир. Эй одамлар! Парвардигорингиз бир. Отангиз бир, Одам алайҳиссалом. Одам алайҳиссалом эса тупроқдан яратилган. Аллоҳнинг ҳузурида энг мукаррамингиз, энг ҳурматлироғингиз тақводорингиздир. Араблар ажамлардан афзал эмас. Фақат тақвоси билан афзал”.
Бирор миллатни бошқасидан устун кўриш йўқ эканини таъкидламоқдалар. Миллатни афзал қиладиган нарса унинг тақвоси экан. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида фалон миллатнинг обрўси баланд деб бўлмайди. Аксинча, Расулимиз алайҳиссалом васиятларига мувофиқ, инсонлар мартабасини уларнинг тақвосига қараб аниқлаймиз. Шунинг учун муқаддас динимизда миллатчилик йўқ. Обрў талашишда мусобақалашмаймиз. Аллоҳнинг ҳузурида энг мукаррам зот бу Аллоҳга кўпроқ тақво қилганимиздир.
Шу сўзларни айтар экан, Пайғамбаримиз алайҳиссолату ва саллам саҳобаларга қараб: “Шу гапларнинг ҳаммасини етказдимми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа”, деган эдилар: “Аллоҳ, Ўзинг гувоҳ бўл”, дедилар.
У зотнинг бу сўзлари бугунга қадар етиб келди. Пайғамбаримизнинг васиятларига амал қилган мусулмонлар учун бу дунёда бахтли бўлиб яшаш имконияти бор. Ака-ука бўлайлик. Бир-биримиз билан яхши муомалада бўлайлик. Аёлларимизни ҳурмат-эҳтиром қилайлик. Бир-биримизнинг молимизни, қонимизни ва обрўйимизни тўкишга ҳаракат қилмайлик. Аксинча, Аллоҳ ҳузуридаги обрў тақво эканини унутмайлик. Тақво эса Аллоҳдан қўрқишдир.
Саҳобалардан тақво ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ялангоёқ одам бир экинзорга кирса, у ерда тиконлар ўсиб турган бўлса, шуни эзмасдан эҳтиёт бўлиб ўтиб кетиш тақводир”, дедилар. Яъни, бу дунё – экинзор. Унда тиканлар бор. Тикан гуноҳдир. Экинзорни пайҳон қилмай, яъни гуноҳлардан сақланиб ўтишимиз, иншоаллоҳ, тақвомиздир.
Аллоҳ барчамизни мана шу тақвода бардавом қилсин! Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу васиятларини бошқаларга етказиш омонатини олдингиз. Чунки Расулимиз алайҳиссалом: “Эшитдингизми – етказинг”, дедилар. Биз сизларга етказдик. Сиз оилангизга етказинг. Токи фарзандларимиз ҳам бахтли бўлишсин. Юрт, ватан, дин, мана шу халқ ва уммат учун жон куйдирадиган, уларнинг обрўсини ва қонини тўкишдан эҳтиёт қиладиган, молу дунёсига тажовуз қилмайдиган қилиб тарбиялаш масъулияти Расулимиз алайҳиссалом васиятлари орқали сизларга етказилди.
Аллоҳ ҳаммамизни бу васиятга амал қилишни насиб қилсин! Пайғамбаримиз алайҳиссалом мана шу васиятдан ҳеч қанча ўтмасдан бу фоний дунёдан ўтган эдилар. У зоту бобаракотга салавотларимиз бўлсин! Қиёматда шафоатларига лойиқ уммат бўлишимизни насиб қилсин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан