Набий алайҳиссаломнинг шоири
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоири сифатида танилган.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Ясрибда дунёга келди. Манбаларда унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан 7–8 йил аввал туғилгани айтилади. Хазраж қабиласининг Бани Нажор уруғига мансуб. Онаси Фариа бинти Холид, куняси Абул Волид эди.
У жоҳилият даврида ҳам машҳур шоир эди. Исломга кириши ҳижрат йилларига тўғри келди. Бу пайтга келиб 60 ёшга кириб қолганди.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан айрилмади. У зотнинг ҳузурларида мушрик шоирларга оташин жавоблар қайтарди. У жоҳилият асрининг бузуқ ақидалари ва насл-насабга доир нотўғри қарашларини фош этувчи ҳажвий байтлар битди.
У меҳрибон ва сезгир инсон эди. Бир куни дўстлари унга: “Бадр жангида қатнаша олмаганингиз учун ўлжалардан улуш ололмадингиз”, дейишди. Бу сўзни эшитиб қаттиқ хафа бўлди. Расулуллоҳ унинг кўнглини кўтариб: “Ҳассоннинг сўзлари душманга ўқдан ҳам қаттиқ таъсир қилади”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзини ҳам, ижодини ҳам қадрлар эдилар. Шеърларини ўқиши учун масжидда минбар қурдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳажв ёзишдан олдин Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашишни буюрдилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Исломни ва мусулмонларни мадҳ этар, ғалабага ундовчи байтлар ўқирди. Айни пайтда Ҳассон розияллоҳу анҳу Қурайш мушрикларининг Ислом динига қарши айтган шеърларига жавобан шундай шеърлар айтардики, улар жавоб қайтара олмай қолишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассон розияллоҳу анҳуга: “Эй Ҳассон, мушрикларнинг, кофирларнинг юзларини қаро қилинг. Жаброил сиз билан. Асҳобим қуроли билан жанг қилганидек, сиз тилингиз билан жанг қилинг!” деганлар.
Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Бани Тамимдан етмиш киши унинг шеърлари таъсирида Исломни қабул қилди… Воқеа бундай бўлганди: “Бани Тамимдан бир ҳайъат асирларини олиш учун Мадинага келди. Улар орасида машҳур нотиқ ва шоирлар ҳам бор эди. Уторид деган нотиқ қабиласини мақтади. Шунда Расули акрам алайҳиссалом Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳуга: “Туринг, эй Собит! Бунинг гапларига жавоб қайтаринг!” – дедилар. Собит розияллоҳу анҳу дарҳол ўрнидан туриб, Аллоҳнинг буюклиги ва Пайғамбар алайҳиссаломни мадҳ этувчи сўзлар айтди. Унинг гапларидан йиғилганлар қаттиқ таъсирланди. Кейин улар орасидаги шоирлар шеърлар ўқишни бошлади. Уларга қарши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассон розияллоҳу анҳуни чорладилар: “Туринг, эй Ҳассон! Буларга сиз жавоб қайтаринг! Аллоҳнинг Расули номидан жавоб беринг!” дедилар. Кейин эса: “Ё Рабб! Унга Ўзинг Руҳул Қуддус билан мадад бер!” деб дуо қилдилар.
Ҳассон розияллоҳу анҳу Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган қалби тўла муҳаббат, шавқ билан ўрнидан турди. У элчилар ўқиган вазнда ва қофияда узун шеър ўқиди. Ислом динининг фазилати, ахлоқи ва бошқа динлардан устунлигини аниқ ва равшан мадҳ этди. Шоирлар ҳайратда қолишди.
Ҳатто ҳайъат раҳбарларидан бири – Ақро ибн Ҳобис ўзини тута олмай: “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, бу одамга – Муҳаммад алайҳиссаломга ҳар доим биз билмаган ёрдам келади. У албатта муваффақиятга эришади. Ғолиб бўлади. Унинг нотиғи ҳам, шоири ҳам бизникилардан устун. Овозлари ҳам овозимиздан баланд ва кучли”, деб ҳақиқатни эълон қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб, калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди. Бунга гувоҳ бўлган бошқа ҳайъат аъзолари ҳам Исломни қабул қилишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга ҳадялар улашдилар ва асирларини озод қилдилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан илҳом оларди. Мақол ва зарбулмасаллар ҳам шеъриятида муҳим ўрин тутарди. Унинг ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврида ҳам бир нечамаротаба минбарда туриб шеър ўқигани ривоят қилинади.
Ҳиндистон, Миср ва Тунисда девони чоп этилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу 120 ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди. Бир неча ҳадис ривоят қилгани айтилади.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws