Илк мударриса, илк шифокор
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Маккада ҳижратдан аввал Исломни қабул қилган. Жоҳилият даврида ҳам одамларга ёрдамини аямайдиган, ақлли, заковатли аёл эди. У муслималардан чиққан илк мударриса, илк шифокордир.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Қурайшнинг Адий уруғига мансуб. Отаси –Абдуллоҳ ибн Абдушшамс, онаси – Фотима бинти Ваҳб.
У Абу Ҳайсама ибн Ҳузайфа билан оила қурган. Сулаймон ва Марзуқа исмли фарзандлари бўлган. Катта фарзандига нисбат берилиб, Умму Сулаймон кунясини олган. Шифо розияллоҳу анҳо ақл-заковатли, билимли аёл эди. Ўша даврда араблар орасида хат-саводи бор одам кам эди. Шифо розияллоҳу анҳо эса ёзишни билар, инсонларни даволарди. Исломни қабул қилгач, жуда кўплаб мусулмонларга ўқиш ва ёзишни ўргатди.
Шифо розияллоҳу анҳо Мадинага ҳижрат қилгач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни ўғли Сулаймон билан бирга масжидга яқин бир уйга жойлаштирдилар.
Жоҳилият – даврида у “намила” (қизамиқ) деб аталган касаллигига дам солиб даволаган. Аллоҳнинг изни билан беморлар шифо топарди. Исломга киргач, дам солиш тўғрими ёки йўқлигини деб сўраб, руқия дуосини ўрганган. Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар ва менга: “Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, намилага дам солишни ҳам ўргатмайсанми?!” дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
Рухсат олгач, Шифо розияллоҳу анҳо ишини ҳафсала билан давом эттирди. Дам солишни Ҳафса розияллоҳу анҳога ҳам ўргатди.
Шифо розияллоҳу анҳо марҳаматли, меҳрибон ва ғамхўр аёл эди. Динга чорлашда ҳам, яхшиликка чақиришда ҳам ўрнак бўларди. Бир воқеани ўзи бундай ҳикоя қилади: “Бир куни савол сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим. Намоз вақти бўлиб қолгани учун у зот узрларини айтиб, масжидга чиқдилар. Мен у ердан чиқиб Сураҳ ибн Ҳасана билан оила қурган қизимнинг уйига бордим. Сураҳга: “Намоз вақти бўлди, сен ҳали ҳам уйдасан”, дедим. У эса: “Мени айбламанг! Чунки биттагина кийимим бор. Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, қарзга либос истадилар. Дарҳол уни бердик. Кийишга бошқа нарсам бўлмагани туфайли ташқарига чиқа олмадим”, деди.
Мен: “Ўғлим, сенинг ҳолингни англамадим”, деб узр сўрадим”.
Шифо розияллоҳу анҳо ҳар бир нарсага фаросат кўзи билан боқар эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳам унинг фикрларини эшитар, маслаҳатини оларди. Мўминлар амири ёзув-чизувни яхши билгани учун Шифога тижорат ишларини назорат қилишни топширган эди.
Бир куни Шифо розияллоҳу анҳо бир гуруҳ одамларни кўриб:
– Булар кимлар? – деб сўради.
Унга:
– Зоҳидлар, – деб жавоб беришди.
Шунда Шифо розияллоҳу анҳо бундай фикр билдирди:
– Аллоҳга қасам, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу шахд билан гапирар, шахдам қадамлар билан юрарди. Шунга қарамай, у обид ва зоҳид эди».
Шунингдек, бу заковатли аёл воқеа-ҳодисаларни таҳлил қиларди. Бир куни мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳуни огоҳлантирди:
– Эй амирал мўминин, сиз адолатлисиз. Лекин баъзи одамлар сизга қарши фитна уюштираётганидан ё хавотирдаман.
Халифа жавоб берди:
– Аллоҳ хоҳласа, мени фитначилардан ҳимоя қилади. Агар ҳалок бўлишим тақдир қилинган бўлса, бунинг мукофоти жаннатдир.
Кўп ўтмай катта фитна бўлиб, Абу Луълу Мажусий Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилди. Бу воқеадан Шифо бинти Абдуллоҳ қаттиқ қайғуга тушди ва “Умарсиз дунё қоронғу бўлиб қолди. Адолат юлдузи сўнди”, деди. Шундан кейин жамоат ишларидан чекиниб, инсонларни даволаш, уларга илм ўргатиш билан умрини ўтказди.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир нечта ҳадис ривоят қилган. Унинг ўзи бундай ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулулоҳ! Қайси амал афзал?” деб сўрадим. У зот бундай жавоб қайтардилар: “Аллоҳга иймон келтириш, Унинг йўлида жидду-жаҳд қилиш ва мабрур ҳаж”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шифо бинти Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса ўғли Сулаймон ибн Абу Ҳайсама ва набиралари ривоят қилган. Имом Бухорий унинг ривоятини “Ал-Адаб ал-муфрад” ва “Китаб афъолил ибаад”да зикр қилган. Шунингдек, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ҳам ўз китобларига киритган.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳонинг ҳижрий 20 санадан кейин вафот этгани ривоят қилинади.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws