“Уйда сувдан бошқа нарса йўқ”
Энг кўп ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келди ва:
– Мен очман, – деди.
Аллоҳнинг Расули завжаларидан бирига:
“Бирорта егулик юбор”, дея хабар юбордилар. У онамиз розияллоҳу анҳо: “Сизни Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, уйда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, деди.
Пайғамбар алайҳиссалом бу сафар бошқа бир завжаларидан бирорта егулик истадилар. У ҳам айни жавобни берди. Кейин эса навбати билан бошқа завжалари ҳам: “Сизни Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, уйда сувдан бошқа бирор нарса йўқ”, деб хабар юборганларидан кейин Расули акром асҳобларига юзланиб:
– Бу кеча шу одамни ким меҳмон қилишни истайди? Аллоҳ уни раҳматига олсин, – дедилар.
Ансорлардан бири ўрнидан турди ва:
– Мен меҳмон қиламан, ё Расулуллоҳ, – деди ва ўша йўқсилни уйига олиб кетди. Уйига бориб аёлига: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг меҳмонини икром қил! Уйда ейишга бирор нарса борми?” деб сўради.
Аёли: “Йўқ, фақат болалар ейишига кифоя бўладиган озгина нарса бор”, деди.
Саҳобий: “Ундай бўлса, сен болаларни чалғитиб ўтир. Дастурхонга келмоқчи бўлсалар чорасини қилиб уларни ухлат. Меҳмон ичкарига кирганда чироқни баландлатаётган каби бўлиб уни ўчириб қўй. Кейин биз ҳам худди дастурхондан таом еётгандек бўлиб турамиз”, деди.
Меҳмон кирганидан сўнг дастурхонга ўтирдилар. Меҳмоннинг қорни тўйди, аммо улар оч ётдилар. Тонг отгач ўша саҳоба Расули акромнинг ёнига борди. Уни кўрган Пайғамбар алайҳиссалом:
– Бу тунда қилган меҳмондорчилигингиздан Аллоҳ таоло мамнун бўлди, – дедилар.
Шу воқеанинг ортидан қуйидаги ояти карима нозил бўлди: “…Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр, 9)[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws
[1] Бухорий, Маноқибул-ансор, 10. Тафсир, 59/6; Муслим, Ашриба, 172.