Юсуф алайҳиссаломнинг аёли
Ўзбек мумтоз адабиётида Юсуф ва Зулайҳо қиссаси ибрат учун кўп келтирилади. Бошқа шарқ халқлари адабиётида ҳам мазкур қисса бадиий талқин қилинган. Шу сабабли аксариятимиз буни муҳаббат достони деб биламиз. Аслида ундай эмас…
Юсуф алайҳиссалом, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъбирлари билан айтганда, “Каримнинг ўғли Карим, унинг ўғли Карим, унинг ўғли Карим ва унинг ўғли Карим – Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссаломдир” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари каби у зот ҳам катта синовларга йўлиқдилар. Бу имтиҳон қаршисида ўзларини қандай тутганлари, тўғри йўлдан оғишмаганларини ўрганиб, ўрнак олишимиз учун Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг сўнгги илоҳий Китобида бу қиссани бир сурада тўлиқ баён этди. Қиссадан олинадиган ибратлар талайгина. Фақат биз мавзуга тааллуқли бўлгани учун бевосита Миср азизининг аёли билан бўлиб ўтган ўринларга тўхталсак. Қуръони каримда Зулайҳо билан Юсуф алайҳиссалом ўрталарида бўлиб ўтган ҳодисалар тафсилотлари билан баён этилган. Юсуф алайҳиссалом гуноҳ қилишдан кўра ҳибсни афзал биладилар ва зиндонга тушадилар. Аллоҳ таоло ато этган қобилият – туш таъбирини билишлари орқали у ердан нажот топиб, Миср азизи лавозимига кўтариладилар. Шундан кейин Зулайҳога уйланганлари айтилади. Зулайҳонинг Юсуф алайҳиссаломга бўлган ишқи аслида илоҳий ишқ оташининг қалбга тушган бир учқуни эди. Улар оила қурадилар, икки фарзанд кўрадилар. Фақат кейинроқ Зулайҳонинг қалбини дунёга муҳаббат, ундаги махлуқоту мавжудотга бўлган қизиқиш тарк этиб, Аллоҳга бўлган ишқ эгаллайди. Кунларини фақат Аллоҳга ибодат билан ўтказиш истаги билан яшай бошлайди.
Қиссадан ҳисса шуки, аввало, сабр банда учун жуда муҳим. Юсуф алайҳиссалом қудуқ тубига ташланганларида, қул қилиб сотилганларида, Зулайҳо у зотни чорлаганида, ҳибс этилганларида сабр қилдилар. Ва бу машаққатнинг мукофотини Аллоҳ берди. Ибо-ҳаёнинг натижаси хайрли эканини, Аллоҳга тақво сабабли ҳаромдан тийилишнинг мукофоти гўзал бўлишини бизга кўрсатиб бердилар. Энг улкан дарс эса гуноҳларга тавба қилишдир. Зулайҳо ҳавойи нафс домига тушиб, гуноҳлар қилди: аввал зинога чорлади, кейин туҳмат қилди. Сўнг шундай тавба қилдики, бир замонлар ҳаётининг энг муҳим қисми бўлган гўзаллик, мол-дунё, нафс истакларидан буткул халос бўлди.
Аллоҳнинг ҳар бир иши беҳикмат эмас. Бошимизга келган синовлар сўнгида ҳам ҳикмат яширин. Юсуф алайҳиссалом барча имтиҳонлардан ўтиб, Мисрнинг азизи бўлгани, Зулайҳо қалбидаги муҳаббат сабаб синовда бир оз эгилса-да, унинг охирида ҳақ йўлни топгани каби… Юсуф ва Зулайҳо қиссаси ишқ ҳикояси эмас, огоҳлантириш, синов ва тавба қиссаси, аслида. Унутмаслик лозим, ҳалол ҳамма вақт хайрга бошлайди, ҳаром эса хорликка. Сабрга мукофот, гуноҳга эса жазо бор. Тавбанинг эшиклари мудом очиқ…
Юсуф ва Зулайҳо қиссасини эшитганимизда доимо шу нарсалар ёдимизга тушади.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws