Ер ёмғир билан, қалб иймон билан тирик
Қуръони карим инсонни фақат ибодатга чорлабгина қолмай, балки ҳаётдаги оддий ҳодисалар орқали ҳам ибрат олишга, тафаккур қилишга ундайди. Айниқса, Аллоҳ таолодан ер, сув, ёмғир, ўсимлик ва ҳаёт ҳақида кўплаб оятлар келтирилган бўлиб, улар инсонга катта маънавий сабоқ беради.
Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади: “…Ерни қўриқ ҳолида кўрасиз. Бас, қачонки Биз унинг устидан (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал жуфтларни (икки жинсли гиёҳларни) ундирур” (Ҳаж сураси, 5-оят).
Бу оятда ернинг ҳолати орқали инсон қалбига ҳам ишора қилинган. Оятда Аллоҳ таоло ерни аввал “қақраган” ҳолда тасвирлайди. Яъни қуруқ, ёрилган, ҳаёт белгиси йўқ, ҳосилсиз. Бу ҳолатни ҳар бир инсон кўрган: қурғоқчиликда ер қаттиқ бўлиб қолади, гўё жонсиз кўринади. У ерда на гул унади, на кўкат.
Ёғингарчилик бўлса, ер “сесканади ва кўпчийди”. Яъни ер ҳаракатга келади, юмшайди, кенгаяди. Кейин эса ундан турли ўсимликлар, гуллар, мевалар ўсиб чиқади. Илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, тупроқда майда бўшлиқлар, яъни пуфакчаларга ўхшаш жойлар мавжуд. Ёмғир ёққанда сув ўша жойларга кириб, ҳавони чиқаради. Шу сабабли тупроқ юмшайди, кенгаяди ва ҳаракатга келади.
Оятдаги асосий ибрат шуки, қалб ҳам қурийди, яъни қотади. Кетма-кет гуноҳ қилавергач, шундай бўлади. Айниқса, баъзи аёллар кўп гапирганидан суҳбатларига ғийбат аралашиб кетади. Оқибатда ўзлари билиб-билмай чақимчилик, ҳатто бўҳтон қилишгача боради. Бу эса гуноҳи кабира бўлиб, қалбни қорайтиради.
Қалб қотса, ибодатга ҳавас сўнади, дуога иштиёқ камаяди, Қуръон ўқиш оғир туюлади. Сабрсизлик, асабийлик, хафагарчилик ҳатто ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин. Бу ҳолат қалбнинг “қақраган” ҳолатидир.
Аёллар уй ишлари, бола тарбияси, турмуш ташвишлари билан юрар экан, зикрни, қалбни нурлантирадиган амалларни унутиши осон кечади. Аслида қалб ҳам гулзор каби парвариш талаб қилади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса, занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўрашди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дедилар (Имом Байҳақий ва Имом Абу Нуайм ривояти).
Қалб худди темир каби занглайди. Гуноҳлар йиғилиб, қалбни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши натижасида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси камаяди.
Аксинча, Аллоҳ таоло ерга ёмғир юбориб уни тирилтирганидек, инсон қалбига ҳам иймон нури тушса, у тирилади. Қалбнинг “ёмғири” — Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор, дуо, намоз, садақа, ҳалол ризқ, сабр, тавба ҳамда покликдир.
Шу амаллар қалбга раҳмат ёмғиридек тушади. Шунда инсон руҳан енгиллашади, кўнгли кенгаяди, ҳаётида барака пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло яна бир оятда дейди: “Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзод ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди. Тафаккур қилувчи қавм учун (Биз) оятларни шу тарзда батафсил баён қилурмиз” (Юнус сураси, 24-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло дунё неъматларининг ўткинчилигини баён қилади. Ердан чиққан ҳар бир гул, мева, кўкат, оила ва фарзанд – Аллоҳнинг неъмати. Шунинг учун мўмина аёл уйидаги ризққа шукр этсин, фарзандларига берилган неъматни қадрласин, турмушдаги қийинчиликларга сабр қилсин.
Юқоридаги оятларда мўминалар учун муҳим сабоқлар бор:
– уйни ҳар куни супуриб тозалаганингиздек, қалбни ҳам ҳар куни истиғфор билан поклаш лозим;
– қалб қуриб қолмаслиги учун уни Қуръон билан суғориб туриш керак;
– аёл зоти кўп хафа бўлади, кўп йиғлайди, кўп сабр қилади. Шунинг учун унинг қалбига таскин зарур. Бу таскин эса Аллоҳнинг зикридадир.
Қуруқ ер ёмғирсиз ҳосил бермаганидек, инсон қалби ҳам Қуръон, зикр ва тақвосиз маънавий мева бермайди. Шу сабабли мўмин ва мўминалар қалбни гуноҳлардан поклаб, Аллоҳнинг раҳматига суянган ҳолда иймон нури билан суғориб туришлари лозим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан