Аллоҳ таолонинг Қудрат сифати
Қудрат – Аллоҳ таолонинг субутий сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло нарсаларни йўқдан бор қилишга Қодирдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма сифатлари азалийдир, доимо бўлади. Кейин пайдо бўлмагандир, асло йўқ бўлмайди. “…(Қиёмат куни) золимлар азобни кўрган пайтларида бутун куч-қудрат Аллоҳга хослиги ва Аллоҳнинг азоби (ўта) қаттиқ эканини билганларида эди…” (Бақара сураси, 165-оят).
Ҳазрат Сўфи Оллоёр “Саботул ожизин”да бундай ёзган:
“Субутийдур онинг саккиз сифоти,
Сифоти зоти эрмас, на ғойри зоти”.
Яъни Аллоҳ таолонинг субутий сифатлари Унинг зоти эмас, зотидан айро ҳам эмас. Субутий сифатларидан бири – Қудратдир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Мубайян” асарида бундай ёзади:
Яна бир васфи Ҳаққа қудратдур,
Анда қудратдуру Анда қувватдур.
Бори ишда, билингки, донодур,
Ҳар не қилмоқта ҳам тавонодур.
Кўз юмуб очқунча қилур мавжуд,
Кўз очиб юмғунча қилур нобуд.
Ҳар не қилмақта қудрати бастур,
Олату восита керакмастур.
Яъни Ҳақ таолонинг яна бир сифати Қудрат сифатидир. Ҳамма қудрат ва ҳамма қувват Ундадир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгани каби ҳамма нарсага қодирдир. У Зот ҳамма нарсани билувчидир.
Хоҳлаган нарсасини кўз юмиб очгунча бор қилади, кўз юмиб очгунча йўқ қилади. У ҳар нарсани қилишга қодирдир. У Зот воситаларга асло муҳтож эмас.
Шўрчи туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби
Рўзимуҳаммад ВАҲОБОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws