Келинпошшага мактуб
Оила – муқаддас қўрғон. Ундаги муҳаббат, сабр ва ихлос эса бу қўрғоннинг мустаҳкам деворларидир. Келин – шу оиланинг нозик, бироқ энг муҳим бўғини. Унинг хулқи, сўзи ва амали бутун уйнинг кайфиятига таъсир қилади. Қуйидаги сатрлар келинпошшаларга меҳр билан айтилган, динимизнинг амр ва қайтариқларидан олинган насиҳатлардир:
– Аввало, эрингга мурожаатда меҳр ва эъзоз бўлсин. У ёқтирадиган исмлар, самимий сифатлар билан чақир. Эринг сенинг овозингдан, мурожаатингдан ўзини қадрли ҳис қилсин.
– Ошхонада “Бисмиллаҳ”, дея меҳр билан таомлар пишир. Эринг севган овқатларни тайёрла. Шунда у ишдан сўнг уйга ошиқади.
– Эринг уйдан чиқар экан, уни дуо ва яхши тилаклар билан кузат, қайтганида эса табассум билан кутиб ол.
– Унутма, чиройинг, безанишинг фақат эринг учун бўлиши керак. Оро беришинг, озодалигинг баробарида энг гўзал либос – тақво эканини ҳам ёдингдан чиқарма. Ҳар бир қадамингни Аллоҳ кўриб турганини ҳис этиб, ҳаракат қил.
– Эринг ва болаларингдан меҳрингни аяма. Сен уйингнинг тиргагисан. Эринг ишда, сафарда сенга ишониб, хотиржам юрсин. Ишонч – оиланинг энг катта устуни.
– Эрингдан миннатдор бўлишни, унга раҳмат айтишни унутма. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таборака ва таоло эрига ношукрлик қиладиган хотинга қарамайди. Ҳолбуки, у эридан беҳожат эмас” (Имом Насоий ва Имом Баззор ривояти).
Эрингнинг топаётганига шукр қил. Унинг қўлидан келмайдиган ишларни талаб қилма. Шикоятчи бўлма, муаммоларингизни ўзаро ҳал қилинглар.
– Эрингнинг қувончида, ташвишларида шерик бўл. Хурсандчилигини олқишла, ғам-ғуссасига ҳамдард бўл. Зеро, оила ҳамжиҳатлик макони.
– Тежамкор бўл, исрофдан сақлан. Аллоҳ таоло буюради: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
– Қийинчиликларда сабрли бўл. Сабр – иймоннинг ярмидир.
– Озода ва саранжом-сариштали бўлишга одатлан. Эрингнинг кийимлари доим тоза, дазмолланган бўлсин. Тартиб – қалбдаги саранжомликнинг кўзгусидир.
– Эрингнинг қариндошлари ва яқинларини меҳмон қилишдан малолланма. Уларга яхши муомалада бўл. Қайнонангни тажрибали, ҳаётни кўп кўрган она сифатида ҳурмат қил. Бу билан эрингнинг меҳрини қозонасан.
– Энг муҳими, болаларингни гўзал ахлоқли, маданиятли ва солиҳ инсон қилиб тарбиялашинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен учун энг севимлиларингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўлувчиларингиз кимлигини айтайми?” деб сўрадилар. Саҳобалар сукут қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволни икки ё уч бор такрорладилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, сиз билгувчироғимизсиз”, дейишди.
Расули акрам алайҳиссалом:
“Ахлоқи гўзал бўлганларингиздир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Фарзандлар насиҳатдан кўра амалингдан ўрнак олади. Шу сабабли хулқинг гўзал бўлсин, қизим… Яхши келин – фақат бир уйнинг эмас, бутун жамиятнинг зиёсидир.
Тўрақўрғон тумани бош отинойиси
Мушаррафхон Нурматова
тўплади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws