Афлотун масжиди – Қўнёдаги Платон масжиди
Алауддин тепалиги устида жойлашган “Афлотун” масжиди (Платон масжиди) бир вақтлар Қўнё шаҳрининг энг сирли ва қизиқ тарихий иншоотларидан бири ҳисобланган. У дастлаб Византия даврига мансуб черков бўлиб, кейинчалик масжидга айлантирилган.
Ушбу иншоот турли манбаларда “Амфилокий” черкови, “Платон” расадхонаси ва ҳатто “Соат” минораси сифатида ҳам тилга олинган. Унинг асл қурилган санаси аниқ эмас.
XII–XIII асрларда яшаган форс саёҳатчиси Али ибн Абу Бакр ал-Ҳаравий ўзининг “Китоб аз-Зиярат” асарида бу жой ҳақида шундай ёзади:
“Қўнё шаҳридаги буюк масжид ёнидаги черковда файласуф Платоннинг қабри бор.” Шу маълумотни XIII асрдаги машҳур географ Ёқут ал-Ҳамавий ҳам ўзининг “Муъжам ал-Булдан” асарида келтирган. Бу эса Салжуқийлар давридаёқ бу жой Платон билан боғланган афсоналар кенг тарқалганини кўрсатади.
Баъзи ривоятларга кўра, бу бинода Платоннинг расадхонаси бўлган. 1465–1466 йилларда Қўнёга келган рус тарихчиси Василий ҳам бу ер ҳақида ёзиб, черков яқинидаги қабрни турклар Платонга, насронийлар эса Авлиё Амфилокийга нисбат беришганини таъкидлайди.
Турклар нега бу жойни Платон билан боғлагани ҳақида турли фаразлар мавжуд:
“Платон” номи “Амфилокий” исмининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин; ёки бу черков Платон номи билан боғлиқ бошқа муқаддас шахсга тегишли бўлган. Бироқ бу назарияларни тасдиқловчи аниқ далиллар йўқ.
Усмонлилар даври бошларида черков Афлотун масжидига айлантирилган. Унинг вақфи жуда кам – тахминан 0,2 гектар ер ва 0,3 гектар узумзордан иборат бўлган.
XIX асрда тарихчи Уилям Рамсай ёзишича, Қўнё юнонлари бу масжидда намоз ўқиганлар ҳалок бўлади, деган миш-миш тарқатган. Шу сабабли одамлар бу жойга камроқ кела бошлаган.
1872 йилда Қўнё ҳокими Аҳмад Тавфиқ Пошо масжид гумбази устига ёғочдан хона қурдириб, уни соат минорасига айлантирган. Шу вақтдан бошлаб у “Соатхона” сифатида ҳам хизмат қилган.
Кейинчалик бино омбор сифатида ишлатилган ва ниҳоят 1921 йилда Фаҳреттин Алтай буйруғи билан портлатиб юборилган.
Қўнё ҳудудида Платон номи билан боғлиқ бошқа афсоналар ҳам мавжуд. Уларда Платон ярим муҳандис, ярим сеҳргар сифатида тасвирланади.
У ер ости сувларини бошқара олган, кўлларни қуритган ёки пайдо қилган, деб ҳисобланган.
XVII аср турк саёҳатчиси Катиб Чалабий бу ҳақда шундай ёзган:
“Қўнё текислиги бир вақтлар денгиз бўлган, Платон уни йўқ қилган, деб ишонишади.”
Қўнё вилоятида жойлашган қоятошга ўйилган қадимий монастир – “Дейри Ефлатун” (Платон маскани) ҳам манбаларда тилга олинади. Бу жой ҳақида машҳур саёҳатчи Авлиё Чалабий ҳам ёзган.
Ривоятларга кўра, буюк мутасаввиф Мавлоно Жалолиддин Румий бу ерда йилда бир марта ибодат қилган. Шу сабабли бу жой мусулмонлар орасида ҳам муқаддас маконга айланган ва кейинчалик у ерда масжид барпо этилган.
“Ефлатунпунар” булоғи Қўнё вилоятидаги яна бир машҳур тарихий ёдгорликдир. У тахминан 3200 йил олдин, хеттлар даврида қурилган муқаддас сув иншооти ҳисобланади. Бу булоқ бугунги кунда ҳам ишлаб турибди.
Илёс Аҳмедов тайёрлади.