Бир ҳаёт муҳосабаси
Тобеин муҳаддислардан Абдурраҳмон ибн Сумасий ҳикоя қилади:
Амр ибн Ос ўлим тўшагида ётганида унинг зиёратига бордик. Юзини деворга ўгириб узоқ вақт йиғлади. Бундан музтар бўлган ўғли Абдуллоҳ:
– Отажон, ўлимдан қўрққанингиз учун йиғлаяпсизми? – деб сўради.
Амр ибн Ос:
– Йўқ. Қасамки, унинг сабабидан эмас, ўлим сўнгидан келадиганлардан қўрққаним учун йиғлаяпман, – деди.
Ўғли Абдуллоҳ:
– Отажон, сиз хайрли ишлар қилдингиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатида бўлмадингизми? У зотдан волийликни олмадингизми? У зот сизга шу хушхабарни бермадиларми? Шомни сиз фатҳ этмадингизми? дейишни бошлади. Шунда Амр ибн Ос юзини биз томонга қаратди ва мана буларни сўзлади:
– Охират учун ҳозирлаганимиз энг қийматли озиқ “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммад Расулуллоҳ” калимасидир. Ҳаётимда уч давр бор: бир замонлар кофир эдим. Аллоҳнинг Расулига мендан ҳам зиёдароқ кин сақлаган кимса йўқ эди. Энг кўп истаган нарсам – бир йўлини топиб уни ўлдирмоқ эди. Агар ўша ҳолимда ўлганимда мутлақо дўзахий бўлардим. Аллоҳ таоло қалбимга Ислом севгисини солганда шитоб-ла Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларига бордим-да: “Қўлингизни беринг, сизга байъат қиламан”, дедим. У зот қўлини узатганларида мен қўлимни ортга тортдим. Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом билан орамизда қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:
– Нима бўлди, Амр?
– Шарт қўшмоқ истайман.
– Қандай шарт қўшмоқчисан?
– Аллоҳ таолонинг мени мағфират қилишини.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом менга бундай дедилар:
– Мусулмон бўлганнинг олдинги гуноҳлари йўқ этилишини билмайсанми? Ҳижрат этганнинг бурунги гуноҳи ўчирилишини билмайсанми? Ҳаж қилганнинг аввалги гуноҳлари ўртадан кўтарилишини билмайсанми?
Ўша кундан бошлаб ҳеч кимни Аллоҳнинг Расулидан ҳам кўпроқ яхши кўрмадим. Кўзимнинг ўнгида ундан ҳам буюк бирор нарса мавжуд эмас эди. Унга бўлган ҳурматим туфайли кўзларимнинг чанқоғини қондира-қондира юзларига боқа олмасдим. Агар бирор киши мендан Пайғамбар алайҳиссаломни англатмоғимни истаганида эди, юзларига тўйиб-тўйиб боқа олмаганим учун у зотни таърифлаб бера олмасдим. Агар ўша ҳолимда ўлганимда эди, жаннатий бўлишдан умид қила олардим.
Кейин эса салтанат ишларига аралашдим. Аммо бу ишлар менинг фойдамга бўлдими, зараримга бўлдими, билмайман. сиздан шуни илтимос қиламан: ўлганимдан сўнг орқамдан йиғи-сиғи қилманг, маҳрам жойларимни яхшилаб ўранг. Чунки фаришталар мени саволга тутиш учун ёнимга келадилар. Мени кўмган вақтингизда устимга тупроқни секин-секин ташланг. Кейин эса қабрнинг ёнидан дарров кетиб қолманг. Бир туяни сўйиб этини тақсим этишга кетадиган вақтга қадар ўша ерда ўтиринг. Шунда сиз ёнимда вақтингизда ўрнимга жойлашаман ва Раббимнинг элчиларига нима деб жавоб беришимни ўйлаб оламан[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Муслим, Иймон, 192; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, IV, 199.