“Чиққан қиз чиғириқдан ташқари”ми?
Оила – муқаддас, унинг бутунлигида хайр бор, барака бор. Лекин ҳаёт ҳамиша бир текис давом этмас, баъзан унинг пасту баландликлари ҳам бўлиб туради. Қўшниникига чиқсам, уйда фақат келини бор экан. Салом-аликдан сўнг у оилавий ташвишларини ёзғириб гап бошлади:
– Опажон, қайниэгачим 3 нафар боласи билан яна қайтиб келиб ўтирибди. Бу сафар узил-кесил ажрашибди. Нима бўлганда ҳам чидаб яшайверса бўларди…
– Аллоҳ мушкулини осон қилсин! Ота уйига қайтиш, болаларини отасиз катта қилиш… Опангизни тўғри тушунинг, “эрдан қайтган” деган номни кўтариб юриш унга ҳам осон эмас, синглим, – дедим.
Халқимизда “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари”, деган гап бор. Ота уйидан келин бўлиб чиқиб кетган қизлар ўз уйига фақат меҳмон бўлиб келишади. Аёл эрдан ажрашиб келадиган бўлса, отаси (ё онаси): “Бу – оилага иснод! Чида, сабр қил. Одамлар нима дейди?..” деб уни ажраштирмасликка ҳаракат қилади. Оқибатда аёл ҳар қандай азиятга, зулмга чидаб яшашга мажбур бўлади.
Аёл эрдан ажрашиб келгач, хонадонда маънавий тушкунлик, келинлар ва қайтган қиз ўртасида зиддиятлар пайдо бўлиши кўп кузатилади. “Бу оиланинг бошқа аъзолари тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, дея ажрашган аёлдан юз ўгириш ҳолатлари ҳам учрайди. Шу сабабли қанчалаб аёллар ҳатто доимий равишда зулмга учраса ҳам, калтакланса ҳам, оғир тан жароҳати олса ҳам, хўрланса ҳам, “Эрингникидан ўлигинг келса – келсин, юкинг келмасин”, деган гапни кўтариб яшашга мажбур бўладилар. (Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда келинлик уйидан ўлиги келган ёки таҳқирланган аёллар ҳақида кўп гапириляпти.)
Кўп ҳолларда ажрашган аёлларга муносабат негадир салбий бўлиб келган. Уларни камситиш, қизига уйланмаслик (уйланса, қизининг онасининг “мақоми”ни юзига солиш), ўғлига қиз бермаслик, “чиллахона” дея янги келиннинг уйига биринчи бўлиб киритмаслик каби ишлар учраб туради. Нима эмиш – ажрашиш ҳатто уларнинг тақдирида ҳам такрорланармиш. Ажрашган аёлларга ёмон кўз билан, бузуқ ният ила қарайдиган эркаклар ҳам топилади.
“Турмушга чиққач, узоқ йиллар фарзандли бўлмадик, ажрашдик. Нуфузли ташкилотда ишлайман. Филология фанлари номзоди, доцентман. Жамиятда ўз ўрнимни топдим. Аммо одамларнинг “ажрашган аёл”га қарашларидан кўнглим кўп оғриган. Ҳатто баъзи мансабдор “ҳурматли шахс”лар ҳам очиқчасига беҳаё таклифлар қилиб, таҳдидлар ҳам қилишган…” дейди бир суҳбатдошимиз куйиниб.
Худо кўрсатмасин, худди шу аёлнинг тақдири сизнинг опангиз ё синглингизда такрорланса-чи?! Унга ҳам ёмон кўз билан қарашса, сиз қабул қила оласизми? Ажрашган аёлларнинг қайта турмуш қуришлари амримаҳол. Аслида турмуши бузилган ёки эри вафот этган муслима аёлни яккалатиб қўймаслик зарур. Бева ва тул аёлларни ҳам руҳий-маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш жамият аъзоларининг бурчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно Зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзида юқоридаги воқеаларнинг акси ҳам турмушда учрайди. Яъни оиласидан ажраб, ота уйига қайтган аёл: “Бу уйда ҳаққинг йўқ. Мен ўз отамнинг уйидаман”, деганга ўхшаш гаплар билан уйдаги келинга зуғум ўтказиши, ҳатто уни ёш болалари билан уйдан чиқариб юбориш ҳолатлари ҳам учрайди. Аслида ўзи ёмон кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўрмаслик инсонийликнинг гўзал кўринишларидан.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, бир-биримизга яхшиликлар улашайлик. Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқайлик! Аллоҳ таоло барча муслималарни Ўз ҳимоясида сақласин.
Нилуфар АБЛАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws