НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИ ТАМОЙИЛЛАРИ
(Охири. Бошланиши ўтган сонларда)
ВУҚУФИ ЗАМОНИЙ
Тўққизинчи қоида “Вуқуфи замоний” деб номланган. Маъноси: соликнинг яшаган ҳар онининг фарқига боришлигидир. Ҳақ йўлчиси ҳар онини назоратда тутмоғи даркор. У ўзи учун энг хайрли амал нима эканини билиши ва унга амал қилиши, вақтини бир хил зикр билан ўтказиши, нафсини назорат қилиши лозим.
Агар амаллари хайрли ва гўзал бўлса, бунга шукр қилиши керак. Чунки шукр ҳам бир зикр. Ёмон, фаҳш ва ҳаром ишларга аралашган бўлса, унда дарҳол тавба ва истиғфор айтиши зарур. Истиғфор ҳам бир зикр. Ўтмишда қилган нуқсон ва камчиликларини тўғрилашга интилиши, айниқса, нафас олиб-чиқараётганда нафасининг зикр, ҳузур ёки ғафлат ичидан чиқаётганига диққатли бўлиши лозим. Орифлар бунга саҳв, яъни маънавий ҳушёрлик дейдилар.
Солик мудом ўзини улуғ Аллоҳнинг назари ва назорати остида эканини ўйламоғи лозим. Ҳар он ўлимга яқинлашаётганини англаши ва ғафлатдан уйғонишга ҳаракат қилиши керак. Шояд уйғонолмаса, бир кун муҳаққақ уйғониши аниқ эканини билиши даркор.
ВУҚУФИ АДАДИЙ
Ўнинчи қоида “Вуқуфи ададий” деб номланган. Маъноси: киши қилган зикрининг фарқига бориб, ададини сақламоқлигидир. Ҳақ йўлчиси зикрнинг сонига диққат қилиши керак. Зикрни ўргатилган одобга мос равишда қилиши, ҳисобини билиш билан бирга қалбининг ҳузурига ҳам диққат қилиши лозим.
Қалбини зикрда жамлаши, айниқса, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” зикрида нафсини ва улуғ Аллоҳдан бошқа барча нарсани унутиб, уларни орадан чиқариб, зикрнинг завқини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу ишқ ва жазава маънавий илмларнинг илк босқичидир.
ВУҚУФИ ҚАЛБИЙ
Ўн биринчи қоида “Вуқуфи қалбий” деб номланган. Маъноси: соликнинг қалбини зикрда жам қилиб, бор вужуди билан зикрга киришмоқлигидир. Ҳақ йўлчиси зикр асносида улуғ Аллоҳ билан ҳақиқий маънода ҳузур ҳолига эга бўлишга ҳаракат қилмоғи даркор. Шу даражадаки, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир борлиққа майли ва муҳаббати қолмаслиги керак.
Қалб ичида кезиб юрган дунёвий фикрларга моне бўлиши, зикрнинг сиррига ва шуурига етмоғи лозим. Мудом қалбига ва ичидаги Севгилига йўналмоғи лозим. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (қуддиса сирруҳу) қалбни зикрда жам қилишни ва қалбнинг зикр асносида Ҳақ таолога боғланишини адад билан машғул бўлишдан ҳам аҳамиятли ва керакли деб билганлар.
Мана шу муборак қоидаларга хожагон-нақшбандия тариқатининг мансублари, барча машойих зотлар, солиҳлар, зокирлар қатъий амал қилиб, нафсоний иллатлардан покланиб, юксак камолот чўққиларини эгаллаганлар. Нақшбандийлар суннати мутоҳҳарога тааллуқли гўзал хулқ-одоблари билан Парвардигори оламга муқарраб бандалар мақомини қўлга киритган бахтиёр зотлардир. Уларнинг маънавий муваффақиятларини, асосан, юқоридаги ўн бир муҳим қоида таъминлаган.
Аллоҳ таоло барчамизни зикрда бардавом бўлишимизни, улуғ машойихлар файзу баракотидан ва илму ҳикматидан насибадор бўлишимизни муваффақ қилсин!
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws