Малайзия ва Индонезиядан келган зиёратчилар учун гид-таржимонларни тайёрлаш янги босқичга ўтди
Мамлакатимизнинг сайёҳлик марказлари – Тошкент, Бухоро ва Самарқандда зиёратчиларга малай ва индонез тилларида хизмат кўрсатишга ихтисослашган гид-таржимонларни тайёрлаш бошланди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги. Лойиҳа “Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжат сўнгги йилларда Малайзия ва Индонезиядан мамлакатимизга ташриф буюрувчи зиёратчи сайёҳлар сонининг ортиб бораётганига жавобан қабул қилинди.
Ҳозирда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Жанубий Осиё тиллари ва адабиёти олий мактаби малай ва индонез тиллари бўйича мутахассисларни доимий равишда тайёрламоқда.
Энди лойиҳанинг кўлами кенгайди. Самарқанддаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат университети ва Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университетида малай ва индонез тилларида гид-таржимонлар учун олти ойлик интенсив ўқув курслари ташкил этилди, улар туризм, меҳмондўстлик ва таржима соҳаларига ихтисослашган.
Ушбу курсларда Малайзия Миллий университети ва Султон Идрис номидаги таълим университетининг малакали профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Фақат шу йилнинг ўзида малай ва индонез тилларида равон гапирадиган 50 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлаш имконияти пайдо бўлди.
Ушбу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига, хусусан, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларига кенгайтириш ва уни доимий фаолиятга айлантириш режалаштирилган.
И.Аҳмедов тайёрлади.