Иймоннинг юксак даражаси
Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламун нубало” асарида Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавлоси Нофиъдан ушбу ривоят келтирилади:
«Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар билан Мадинанинг бир чеккасига бордик. Асҳоблари ҳам бирга эдилар. Улар бир жойга тўхтаб, дастурхон ёзишди. У ердан ўтаётган бир чўпонга Ибн Умар деди:
– Кел, бизнинг овқатимиздан е.
Чўпон деди:
– Мен рўзадорман. Ибн Умар деди:
– Шунақа иссиқда ҳам рўза тутасанми?!
– Ўтган кунларим учун шошиляпман.
Ибн Умар деди:
– Қўйларингдан бирини бизга сот. Уни сўйиб еймиз. Ўзинг ҳам ифторлик қиласан!
– Қўйлар меники эмас, хўжайинимники.
Ибн Умар уни синаш учун деди:
– Хўжайинингга “бўри еб кетди” дейсан, у билиб ўтирибдими.
Шунда чўпон деди:
– Унда Аллоҳ қаерда қолди?! Сўнг у кетди.
Ибн Умар Мадинага қайтгач, чўпоннинг хўжайинини топди. Чўпонни ҳам, қўйларни ҳам ундан сотиб олди. Чўпонни озод этиб, унга қўйларни ҳадя қилди!»
“Аллоҳ қаерда қолди?!” Ҳа, биз бу иборани шиоримизга, йўл харитамизга айлантириб олишимиз лозим.
Тасаввур қилинг, сизга шаҳват эшиги очилди. Ҳеч қандай монелик йўқ, бирор одам хабар топмайди. Бузуқ истагингиз учун қулай фурсат. Ана шунда “Аллоҳ қаерда қолди?!”ни эсланг!
Ёки отангиз вафот этиб, ундан қолган катта мол-давлатни қўлга киритдингиз. Ака-ука ва опа-сингилларингизни меросдаги ҳақидан маҳрум қилиш имкониятига эгасиз. Қонун ҳам, қози ҳам сизни ҳисоб-китоб қилмайди. Чунки далил-ҳужжат йўқ. Ана шунда “Аллоҳ қаерда қолди?!”ни ёдга олинг!
Мансабингиз кўтарилиш палласида. Чақимчилик, бошқа ҳамкасбларнинг устидан бўҳтонлар уюштириш, уларнинг сирларини очиш, обрўларини тўкиш йўли билан бунга эришмоқчисиз. Қилмишингиз фош бўлмайди, шубҳадан йироқсиз. Ана шунда “Аллоҳ қаерда қолди?!”ни эсга олинг!
Бу иймоннинг юксак даражаси, эҳсон мақомидир. Зеро, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Эҳсон бу Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишингдир, гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради”.
Абдулқодир САМАРҚАНДИЙ, Ургут тумани
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws