Гўзал неъматга муносиб жавоб
Ҳар куни ишга ёки ўқишга кетаётиб, “Бугун нима кийсам экан?!”, “Кийимларим тайёрми?!” деб ўйлаймиз. Бу борада шариатимиз кўрсатмаларига амал қилсак, ҳатто либос кийишимиз ҳам ибодатга айланиши мумкин.
Янги кийим кийишда қуйидаги дуони ўқиш мақбул:
“Алҳамдулиллаҳил лазий касāний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). Маъноси: “Мендан (ўзимдан) ҳеч бир куч ва қувват сарфламаган ҳолда менга бу кийимни кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.
Яна бир дуо:
“Аллоҳумма инний ас’алука хойроҳа ва хойро ма жабалтаҳа алайҳи, аъузу бика мин шарриҳа ва шарри ма жабалтаҳа алайҳ”.
Маъноси: “Аллоҳим, Сендан унинг яхшилигини ва уни қайси хислатлар билан яратган бўлсанг, ўша яхшиликларни сўрайман. Унинг ёмонлигидан ва уни қайси ёмон хислатлар билан яратган бўлсанг, ўшалардан Ўзинг паноҳ беришингни сўрайман”.
Кийим кийишдан олдин набавий дуоларни ўқишда авратни ёпиш, чиройли кўринишга эга бўлиш, бизни кийинишга муваффақ этган Аллоҳга шукр қилиш бор. Демак, Аллоҳ таолога шукр қилиш ва суннатда келган дуоларни ўқиш баракага сабаб бўлади.
Янги либос кийган кишининг ҳаққига: “Тубли ва юхлифаллоҳу таъаала” – “Кийиб эскиртираверинг, Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини бераверсин”, деб дуо қилиш ҳам матлуб амал.
Кийим ўнг томондан кийилади. Чап тарафдан ечиш ва “Бисмиллаҳ”ни айтиш инсон авратини жинлар назаридан тўсади. “Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз уларни кўрмайдиган томондан кўради” (Аъроф сураси, 27-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жинларнинг кўзлари билан одам боласининг аврати орасидаги тўсиқ қачонки бирларингиз халога кирса, (олдин) Бисмиллаҳи, демоғидир”, деганлар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти). Демак, кийимни қаерда ечишдан қатъи назар, олдин “Бисмиллаҳ”ни айтиш зарур.
Пойабзални ҳам ўнг оёқдан “Бисмиллаҳ”ни айтиб кийиш мустаҳаб. Ва уни: “Алҳамдулиллаҳиллазий яссир лий ҳаза” ёки “Аллоҳумма, барик лий фийҳи”ни айтиб, Аллоҳдан яхшилик ва ҳимоя сўраган ҳолда чап тарафдан ечиш лозим.
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws