Мажнуннинг игнаси
Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асаридаги “Мажнун ва Лайли ҳикояти”да меҳр-муҳаббат, сабр-қаноат фазилатлари тасвир этилган. Муҳаббат оташида ёниб юрган Мажнун ўз Лайлиси билан учрашишга муваффақ бўлади:
Деди Лайли анга: “Эй ошиқи зор,
Келтур бунда, бисотингда ниманг бор?”
Лайлининг “Бисотингда ниманг бўлса, келтиргин”, деган сўровига бечора Мажнун бисотида ҳеч вақо йўқлигини, фақат ишқ ўтида куйиб, ғорат бўлган бир жонигина қолганини ва у истаса, шу жонни беришга тайёр эканини айтади. Лайли эса: “Бисотингда жонингдан ўзга яна ниманг бор?” деб тағин савол беради. Шунда:
Ҳамон бир игна берди Лайлига ул,
Деди: “Икки жаҳонда топганим шул.
Фақат бир игнадир моли бақойим,
Ки андин ўзга йўқдир ҳеч вақойим”,
дея ошиқ маъшуқасига қўлидаги игна тарихини баён қилади. Шу игнани доим ёнида олиб юриши… ишқ дардида ёниб, саҳроларда сарсон кезиб, беҳол йиқилган маҳалда у жонига оро кириши, унинг ёрдами билан оёқларидаги сонсиз тиканларни кавлаб олишини айтади:
– Кезарман бўйлаким кўйингда, дилдор,
Оёғимга ботар гоҳи тикан, хор.
Ва ҳар гал ўлтириб, тортиб аламни,
Шу игна бирла олгумдир тиканни.
Лайлининг жавоби ҳайратланарлидир. У Мажнунга: “Менинг мақсадим шу игнани сендан олишдир”, дейди. Чунки у ёри содиқ бўлса, ишқ саҳросида оёқларига кирган тикан “рамзи камол” – ошиқ вафоси ва сабри ҳолида уни оёқларидан суғуриб олиш хато эканини баён қилиб, бундай дейди:
– Ки мендек севгилингни излаган чоғ,
Оёғингга тикан санчилса андоқ.
Уни игна билан олмоқ равомас,
Тикан олмоқ магар шарти вафомас.
Лайлининг сўзлари чин ошиқлар машаққатлари ортида висол деб аталган буюк саодат борлиги, бу ошиқлар учун ҳаёт муждаси эканини англатади. Лайли машаққат яна “човуши роҳи висол” – висолга элтувчи йўл эканини айтади:
– Тикан деб айтмагил, рамзи камол ул,
Ҳамиша човуши рамзи висол ул.
Лайли сўзда давом этиб, ошиқларни тиканли гулга ўхшатади. Гул дарахтлари гул очмоқ учун бир йил тикан оғушида яшайдилар (баҳордан баҳоргача), тикан озорига чидайдилар. “Сен эса мен учун, севгинг учун оёғингга санчилган тиканга чидай олмаяпсан”.
Лайлининг бу таъналари нафақат Мажнун, балки бутун ишқ аҳли учун турткидир. Мажнун ишқ йўлида жонини қурбон қилишга тайёр. У севгиси йўлида жабру жафолар чекади, чўлу саҳроларда девонавор кезади. Унинг ҳеч вақоси йўқ, аммо буюк муҳаббати бор. Унга ёр дийдори, висолидан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Тасаввуф таълимотида ишқ аҳли – чин ошиқлар Ёр – Аллоҳ муҳаббати билан яшовчилардир. Аллоҳ муҳаббати билан яшамоқ эса олий саодатдир. Чин ошиқлар машаққатлар ичида яшайдилар, аммо зорланмайдилар.
Замонамизда ҳам ошиқлар бисёр. Аммо улар ишқ-муҳаббатнинг синовлари, машаққатлари олдида ожиз қоладилар. Уларда сабр-қаноат етарли эмас. Баъзида бу олий туйғуни ўйинчоқ қиладилар, унинг ҳам уволи борлигини ҳис этмайдилар. “Махлуқни сева олганларгина Холиқни ҳам сева олишлари мумкин”, деган ҳақиқатни тан олмайдилар.
Дилором КАРИМОВА,
филология фанлари номзоди, Юнусобод тумани отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws