Уловга минганда
Тобеин муҳаддислардан Али ибн Робия ҳикоя қилади:
Ҳазрати Алига миниши учун бир улов келтирган эдилар. Оёғини узангига қўяётиб “Бисмиллаҳ”, деди. Ҳайвоннинг устига жойлашиб ўтириб олганларидан кейин “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Ортидан қуйидаги оятни ўқиди: “Токи сизлар уларнинг устига мингайсиз, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Раббингиз неъматини эслаб айтурсиз: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик*. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз” (Зухруф, 13-14).
Бундан кейин эса уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, уч марта “Аллоҳу акбар”, деди. Сўнгра эса: “Аллоҳим, Сен ҳар жиҳатдан бенуқсон ва мукаммалсан. Мен ўзимга зулм қилдим. мени афу эт. Чунки гуноҳларни афв этадиган Сендан бошқа кимса йўқдир”, деб дуо қилди ва кулди.
Буни кўрган одамлар ундан:
– Эй мўминларнинг амири, Нега куляпсиз? – деб сўрадилар.
Ҳазрати Али бундай жавоб берди:
– Бир замонлар мен ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг менинг қилганларимни қилганларини ва менинг кулганим каби кулганларини кўрган эдим. У зотдан “Нега куляпсиз, ё Аллоҳнинг Расули?” деб сўрагандим. Ўшанда менга бундай жавоб берган эдилар:
“Сенинг Раббинг мана бундай дуо қилган қулидан мамнун бўлади: “Аллоҳим! Гуноҳларимни мағфират қил! Чунки гуноҳларни кечирадиган Сендан бошқа бирор кимса йўқдир”. Ана ўшанда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қулим гуноҳларини мендан бошқа афв этадиган кимса йўқлигини билди”[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws
[1] Абу Довуд, Жиҳод, 74; Термизий, Даават, 46; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 97, 115, 128; Ҳоким, ал-Мустадрақ (Ата), II, 108; Албоний, Саҳиҳи Маворид из-замъан, II, 434.