ИЛМСИЗЛИК БОИС КЎР-КЎРОНА ТАҚЛИДЛАР
Афсуски, баъзи ҳудудларда халқ орасида шариатга зид бўлган бидъат ва хурофотлар ҳамон сақланиб қолган ва давом этмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонда маййит чиққан уйда 40 кун кир ювмаслик; қиз фарзанднинг 7–9 кун ота уйида қолиши; 40 кун чироқ ёқиб қўйиш; табаррук деб мато тарқатиш ва ҳоказолар. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳум учун энг яхши амал дуо қилиш эканини таълим берганлар: “Инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса (савоби) давом этади: садақаи жория, фойдали илм ва солиҳ фарзанднинг дуоси” (Имом Муслим ривояти); “Ким бизнинг ишимизда (динда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Тўй маросимларидаги хурофотлар
Тўйларда келинни олов атрофида айлантириш; ойнага қаратиш; “чилла тушади” деб келин-куёвни кўриштирмаслик; “жигар ейиш” каби маросимлар; “юз очди”ни ҳаддан зиёд дабдаба билан ўтказиш. Ҳолбуки, Набий алайҳиссалом тўйларда енгиллик ва баракани тарғиб қилганлар:
“Никоҳнинг энг баракалиси – энг енгил бўлганидир” (Имом Аҳмад ривояти).
Қабристонлардаги ношаръий амаллар
Қабр устига идиш-товоқ, кўрпа, қоп, гулдаста қўйиш; авлиё қабридан ҳожат сўраш; шам ёқиш, латта боғлаш; сеҳр-жоду қилиш; фол очтириш ва ҳоказо. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:
“Аллоҳдан ўзга сизга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга дуо қилманглар” (Юнус сураси, 106-оят). Қабристон зиёратининг асосий мақсади ибрат олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилинглар. Чунки у охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Маййитни ювиш ва мерос масалалари
Маййит ювишда ишлатилган сувни табаррук билиб бошга сепиш; маййитнинг кийимларини тез тарқатмаса, у дунёда яланғоч юради, деб ишониш ва ҳоказо. Исломда марҳумдан қолган нарсалар, мол-мулки мерос ҳисобланади. Уни исроф қилиш ёки ноҳақ тақсимлаш гуноҳдир.
Бидъат ва хурофотларнинг асосий сабаби – илмсизлик ва кўр-кўрона тақлидлардир. Мўмина аёл Қуръон ва суннатга зид амаллардан сақланиши лозим. Акс ҳолда, билиб-билмай ширк ботқоғига ботиб қолиш мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сизларга менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифалар суннатини маҳкам ушлашни васият қиламан”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Тўлғаной ЙЎЛДОШЕВА,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws