Тўрт мужтаҳид имом ва мазҳаблар
Мужтаҳид шариат қоидалари ва далилларини яхши билган ва улар борасида тажрибага эга бўлиб, бу аҳкомлардан Аллоҳ ва Расули мақсад қилган маъноларини яхши фаҳмлаш даражасига етган олимдир. Мужтаҳидлар кўп, аммо барча уламоларнинг фикрига кўра, эргашса ва унинг сўзига амал қилса бўладиган пешво мужтаҳидлар тўртта: Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ.
Ижтиҳод даражасига етганлар орасидан фақат шу тўрт киши танланишининг сабаби улар шу йўлда умрларини фидо қилиб, шаръий далиллардан кўплаб диний масалаларни чиқариб олишган. Шунингдек, уларнинг мазҳаблари бизларга мутавотир йўл (кўп сонли ровийлар) билан етиб келган. Шунинг учун мазкур тўрт мужтаҳидлардан бирининг йўлига эргашиш вожиб. Агар муайян бир фиқҳий мазҳабга эргашилмаса, тўғри йўлдан адашиб кетиш хавфи катта.
Мужтаҳидларнинг баъзи масалалардаги ихтилофига келадиган бўлсак, улар диннинг асл ҳукмларида ихтилоф қилишмаган. Чунки у масалалар қатъий далиллар билан собит бўлган. Қатъий далил билан собит бўлмаган фаръий масалаларда мужтаҳидлар ўз ижтиҳодларига кўра ҳукм чиқаришган. Табиийки, бу мужтаҳидларнинг хулосалари фарқли бўлишини тақозо этади. Мужтаҳид имомларнинг жузъий масалаларда ихтилоф қилишлари уммат учун раҳматдир. Чунки бу ихтилофлар фаръий масалаларга тегишли бўлиб, одамларга енгиллик яратади, уларни ноқулайлик ва машаққатга тушишидан сақлайди. Зеро, зарурат бўлганида инсон енгил ҳукмни олади, ундан бошқа вақтларда эса эҳтиёт учун далили қатъий бўлган ҳукмга амал қилади.
“Мотуридийлик таълимотига оид 101 савол-жавоб оммабоп рисола”дан
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан олинди.
http://hidoyatuz.taplink.ws