Яхшиликка даъват этадиган уммат
«Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) жамоа бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир. Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 104-105-оятлар).
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) жамоа бўлсин!” Аллоҳ таоло аввалги оятда мўминларни иймон ва тақвога буюргач, ушбу оятда бошқаларни ҳам даъват қилиш учун бир жамоа ажраб чиқишини амр қилмоқда. Буни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам қўллаб-қувватлайди: “Мўминлар ёппасига чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!”(Тавба сураси, 122-оят).
Ўша “жамоа”, “гуруҳ” уламолардир. Чунки даъват ишини амалга ошириш учун, аввало маъруф нимаю мункар нималигини, даъват илмини: кимга, қачон, қандай гапириш кераклигини яхши билиш шарт. Акс ҳолда ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шундай экан, бу вазифани фақат уламоларгина адо эта олишлари мумкин.
Уламолар айтади: “Гарчи бу буйруқ ҳаммага вожиб бўлса-да, бир гуруҳ кишилар уни бажаришса, қолганлардан таклиф мажбурияти соқит бўлади”. Демак, амри маъруф, наҳйи мункар буйруғи умумий (фарзи кифоя) бўлиб, бир тоифа уни адо этса, қолганлардан мажбурият соқит бўлади.
“Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир”, яъни амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчилар. Бу эса амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчилар солиҳ ва тақводор бўлиши кераклигини тақозо этади. Лекин бу сифатга эга бўлмаганлардан ҳам мазкур таклиф соқит бўлмайди. Яъни мўмин кишининг зиммасида икки мажбурият бор: маъруф ишни ўзи қилиш ва бошқаларни унга буюриш (ёки ёмон ишни тарк этиш ва бошқаларни ҳам ундан қайтариш). Агар улардан бирини тарк этса, иккинчиси соқит бўлиб қолмайди. Масалан, ота бирор маъруф ишни ўзи қилолмаса ҳам, болаларини унга буюриши ёки ўзи бирор ёмон ишни тарк этолмаса ҳам, қўл остидагиларни ундан қайтариши вожиб.
Амри маъруф ва наҳий мункарда дастлаб мулойимлик ва яхши сўзлар билан насиҳат қилиш, агар фойда бермаса, аста-секин қаттиқроқ чораларга ўтиш керак бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг!”(Наҳл сураси, 125-оят) деган сўзи далолат қилади.
“Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз!” Яъни аҳли китоблар каби аниқ ҳужжат-далиллар келганидан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг дини, буйруғи ва қайтариқлари борасида ихтилоф қилиб, бўлиниб кетманг. Зеро, сизларга ҳам динингиз борасида кундек равшан бўлган ҳужжат – Қуръони карим нозил қилинди. Уни маҳкам ушлаб, ихтилоф ва бўлинишдан эҳтиёт бўлинг.
“Ана ўшаларга улкан азоб бордир”. Яъни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан очиқ-ойдин ҳужжат келганидан кейин ҳам ихтилоф қилиб, тафриқага тушган кимсаларни охиратда улкан азоб кутади. Чунки улар Аллоҳ таолонинг ҳукмлари қолиб, ўз ҳавойи нафсларига эргашишди.
“Мафатиҳул ғайб” асари асосида “Кўкалдош” мадрасаси ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws