Мансаб омонатдир
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ҳам лавозим бермайсизми?” деди. Шунда у зот муборак қўлларини унинг елкасига қўйиб: “Эй Абу Зарр! Сен ожизсан, бу эса омонатдир. Бу (амал) қиёмат куни шармандалик ва надоматдир. Фақат уни ҳаққи билан олиб, зиммасидаги мажбуриятни адо этган одам бундан мустаснодир”, дедилар»(Имом Муслим ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларни турли лавозимга тайинлаганларини кўриб, уни яхшилик, тортиқ, инъом, тақдирлаш маъносидаги иш деб ўйлагани учун ўзига ҳам лавозим сўрайди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иш у ўйлаганидек осон ва хатарсиз эмаслигини тушунтирадилар.
“Эй Абу Зарр! Сен ожизсан”. Бу ердаги ожизликдан мурод жисмоний куч-қувват эмас, балки раҳбарлик сиёсати, тадбир ва бошқарув қобилиятининг етарли эмаслигидир. Чунки раҳбарлик оғир масъулият, омонатдорлик ҳисобланади. Бу омонатни фақат раҳбарлик қобилиятига эга, қатъиятли, иродаси кучли шахсларгина адо қила олади.
“Бу (амал) қиёмат куни шармандалик ва надоматдир”. Яъни, раҳбарлик вазифасини тўлақонли адо этолмаган киши, охират шармандалигига маҳкумдир. Натижада бу лавозимни танлаганига минг пушаймон бўлиб, афсусланади.
“Фақат уни ҳаққи билан олиб, зиммасидаги мажбуриятни адо этган одам бундан мустаснодир”. Яъни раҳбарликнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда уни адолат билан тўлақонли адо этганларгина шарманда ва пушаймон бўлмайдилар. Балки улар ҳеч бир соя бўлмайдиган кун – қиёматда Аллоҳ таолонинг Арши соясида бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Етти тоифа борки, қиёмат куни Аллоҳ уларни ўз соясига олади. Уларда бири адолатли раҳбардир”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
– Мансабга интилиш хатарли. Одамнинг табиатида мансаб-лавозимга интилиш бор. Абу Зарр розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобийнинг унга қизиққани ҳам бунга мисол. Кимдир бошлиқ бўлишни, кимдир вазир, раҳбар ёки бошқа бирор лавозимни истайди. Лекин бу лавозимлар ортида қандай оғир масъулиятлар борлигини одатда кўпчилик тушуниб етмайди. Чунки раҳбарлик кўпчиликнинг ҳаққига алоқадор ишдир. Арзимаган бир хато ёки бепарволик туфайли раҳбар, ишбоши, масъул шахс кўплаб кишиларнинг ҳаққига зулм ёки ҳақларини поймол қилиши ҳеч гап эмас. Энди бундай ишлар раҳбарлик лавозими даврида бир неча марта содир бўлса, муаммонинг, хатарнинг кўлами шунча ортади. Ҳисоб-китоб кунида ўша ҳақ эгалари мансабдорнинг ёқасидан олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Самурага: “Эй Абдурраҳмон ибн Самура, ҳокимликни сўрама! Агар уни талаб қилиб олсанг, ўша билан (Аллоҳнинг ёрдамисиз) ёлғиз қоласан. Агар у сенга сўрамасингдан берилса, унда Аллоҳ сенга (бу ишда) ёрдам беради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳар бир мўмин шу маънони доим ёдда тутиши лозим;
– Шунча фазилатига қарамай, Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам раҳбарликка муносиб эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: “Ер юзи ундан ростгўйроқ одамни кўтармаган ва осмон ундан ростгўйроқ одамнинг устига соя солмаган”, деганлар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти). Шунга қарамай, у зот Абу Зарр розияллоҳу анҳуни раҳбарлик лавозимига тайинламаганлар. Чунки ростгўйлик, илм ва тақво каби фазилатлар раҳбарлик қобилиятини англатмайди;
– Сизни яхши кўрган одам сизга мансаб бермаса, бу ҳам яхшиликдир.Чунки у сизга бўлган меҳри ва ғамхўрлиги туфайли, яъни сизнинг қийин аҳволда қолишингизни истамай шундай йўл тутган бўлиши мумкин. Ҳақиқий дўстлик мансаб беришда эмас, балки эҳтиёт қилишдадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга мансаб бермаганлари аслида уни оғир бир масъулият ва хатардан ҳимоя қилиш учун бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мажлисда қавмга гапираётган эдилар. Бир аъробий келиб: “Қиёмат қачон?” деди… “Омонат зое қилинганда қиёматни кутавер”, дедилар у зот. Аъробий: “Унинг зое қилиниши қандай бўлади?” деди. Набий алайҳиссалом: “Иш ўз аҳлидан бошқага берилганда қиёматни кутавер”, дедилар»(Имом Бухорий ривояти).
Манбалар асосида Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws