Солиҳ ва соғлом фарзанд
Ҳомиладор аёлларга тавсиялар
Ҳомиладорлик – аёл ҳаётидаги энг гўзал давр. Халқимизда “Энг чиройли аёл ҳомиладор аёл”, деган гап бежиз айтилмаган. Аёл иккинчи ёки учинчи фарзандига ҳомиладор бўлар экан, бошқача ҳиссиётларни, жисмоний ўзгаришларни бошидан кечиради. Ўзим ҳам она сифатида шундай жараёнлардан ўтиб, устозлардан ўрганганларимга амал қилганман. “Аёл ҳомиладорлигида Қуръони каримни 11 марта хатм қилса, фарзанди тез фурсатларда қори бўлади”, дейди устозлар.
Фотиҳа сурасини ўқиши аёлнинг қалбига хотиржамлик берса, Оятул Курсий ҳомила ва онани жинлардан муҳофаза қилади, онанинг қўрқув ва хавотирини камайтиради. Бақара сурасини ўқиш шайтонни узоқлаштиради, уйга файз-барака беради. Марям сурасининг ўқилиши ҳам ниҳоятда фойдали. Марям онамиз ҳомиладорлик даврида парҳезкор ва Аллоҳнинг зикрида бўлган. Шу сабабдан бу сура туғуруқнинг енгиллиги, боланинг гўзал хулқли бўлишида аҳамиятлидир. Юсуф сурасини ўқиш туфайли келажакда боланинг қалби юмшоқ, хулқи чиройли бўлади.
Аллоҳни эслаш, бекорчи гап-сўзлардан ўзини тийиш, кунлик юмушларда ҳам тили зикрда бўлиши, хусусан, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳ акбар” ва бошқа зикрларни айтиш она ва боланинг руҳий саломатлигига жуда фойдали. Ота ҳам она билан бирга Оли Имрон сурасининг 38-ояти, Фурқон сурасининг 74-оятини ўқиб, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб дуо қилиши зарур.
Бу даврда асабийлашмаслик, ранжимаслик ҳомиланинг соғлом ривожланиши учун ўта муҳимлиги ҳадиси шарифларда ҳам, тиббиётда ҳам таъкидланган. Ўзим ҳам шифокорларнинг назоратида бўлиб, зарур тавсияларни олганман. Хусусан, витамин, оқсил ва минералларга бой таомларни истеъмол қилиш, фолий кислотаси, Д витамини, йод, темир каби зарур шифо воситаларини маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш тавсия этилган.
Сут, йогурт, қатиқ кабиларда кальций кўп, гўшт эса танани оқсил билан таъминлайди. Афсуски, кўп ҳолларда аёлларимиз кўнгли нимани тусаса, шуни ейди. Баъзилар зарарли маҳсулотларга ружу қўйган бўлиб, фойдали таомлар, илик шўрва, димлама кабиларни исташмайди. Оқибатда шундай озуқалар таъсирида туғилган гўдакларда турли касалликлар аниқланяпти. Кўпроқ табиий маҳсулотлар, мавсумий мевалар ва сабзавотлар, ҳафтада камида бир маротаба балиқ ейиш тавсия қилинади.
Балиқли котлет
Керакли масаллиқлар: 300 грамм балиқнинг лаҳм қисми, 2 дона ўртача катталикда сабзи ва 2 дона ўртача пиёз, 1 чойқошиқ крахмал, таъбга кўра туз ва мурч.
Тайёрланиши: пиёзни тўртбурчак тўғраб, сабзи қирғичдан чиқарилади. Блендерда майдаланган балиқ гўштига тайёр сабзи, пиёзни солиб, крахмал, туз ва мурч қўшиб аралаштирамиз. Аралашмадан котлет ясаб, ўртача оловда 3 ош қошиқ ёғ солиб, қизартириб оламиз. Икки томони қизаргач, четга олиб қўямиз.
Ўша қозонга 1 стакан сув ва 1 ош қошиқ помидор пастасини солиб бироз аралаштиргач, котлетларни териб, паст оловда 15 дақиқа димлаймиз. Бу таом ҳомиладорлар учун жуда фойдали.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударрисаси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан