Ҳар бир сарфига ажр бор
Исломда оилани бошқариш ва ҳимоялаш эркак зиммасига юклатилган. Агар эр ўз бурчини виждонан адо этса, аҳли аёлига яхши муомала қилса, оилада тинчлик ва фаровонлик ҳукм суради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларга буюради: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз” (Нисо сураси, 4-оят).
Ачинарлиси, баъзи эрлар маҳр беришни ўзлари учун қарз деб ҳисобламайди. Ҳолбуки, маҳр – эркакнинг ўз аёли олдидаги шаръий бурчидир.
Эр киши хотинига нисбатан меҳрибон, сабрли ва кечиримли бўлиши, унинг яхшиликларини қадрлаши лозим. Агар у аёлининг айрим хулқларидан норози бўлса, оилани бузишга шошилмасдан, бошқа яхши хислатларини эътиборга олиши, ғазабини енгиши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу Ҳар бир сарфига ажр бор алайҳи ва саллам: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафрат қилмасин, агар бир хулқини ёқтирмаса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлади”, деб таълим берганлар (Имом Муслим ривояти).
Фиқҳий манбаларда келтирилишича, эр киши аҳли аёли учун камида қулфланадиган бир хона ажратиши лозим. Шунингдек, аёлининг озиқ-овқат ва кийим-кечак эҳтиёжларини ўз имкониятларидан келиб чиқиб таъминлаши шарт. Бу нафақа миннатсиз ва таънасиз бўлиши керак. Чунки бу – эрнинг марҳамати эмас, балки Аллоҳнинг амридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ розилиги учун қилган ҳар бир сарфингиз учун ажр оласиз, ҳатто хотинингизнинг оғзига солган таомингиз учун ҳам”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Афсуски, баъзи эрлар кўча-кўйда ўзлари учун яхши ва сара таомлардан истеъмол қилсалар-да, аҳли аёли ва фарзандлари зўрға кун кечириб яшамоқда. Бундай ҳолат – оилага зулм ва фарзандлар ҳаққига хиёнат ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, эр оиланинг раҳбари ҳисобланади. Агар у ўз бурчини сидқидилдан адо этса, аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоат билан муносабатда бўладилар. Натижада оила мустаҳкам ва баракали бўлади.
Анваржон МИРЗАЕВ,
Мингбулоқ тумани “Шоҳи Жалил” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан