Шон шу ерда, шараф шу ерда… сен қайдасан?
“Дарҳақиқат, сизларга Китоб (Қуръон) нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бордир. (Буни) англамайсизми?!”(Анбиё сураси, 10-оят).
Шон шу ерда,
Шараф шу ерда,
Иззат шу ерда,
Нажот шу ерда,
Хўп, сен қайдасан?
Шону шараф истаётган бўлсанг, боқишинг керак жой аниқ – Қуръони карим. Раббимизнинг бизга тўғридан тўғри хитобидир у. Улуғлик унда, иззат унда, покиза ҳаёт йўли унда… Аммо нақадар толеи пастликки, бу Китобни ўқимасдан, билмасдан, тушунмасдан яшаётган оломон бор. Одамлар ҳали ҳам бошқа бошқа жойларга бош уриб юрибди. Шон истайди, шараф истайди, аммо йўлини топа олмайди.
Ҳолбуки, Қуръон ўзини яширмайди. Билъакс, очиқ-ойдин шаклда чақиради:
“(Бу) оятлари мустаҳкам (қатъий) қилинган, сўнгра ҳикмат эгаси ва (ҳамма нарсадан) хабардор бўлмиш зот томонидан батафсил баён этилган Китобдир”(Ҳуд сураси, 1-оят).
“Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келди” (Моида сураси, 15-оят).
“Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси, 17-оят).
Хўп, нега шунчалик очиқ баён қилинган Китоб худди атайлаб тушунмаслик учун яратилгандек, тақдим этилади? Нима учун кимдир унинг олдига жилд-жилд тафсирлар, девордек тушунарсиз тушунчалар ва етиб бўлмаслик ҳиссини уйғотадиган воситачи китоблар қўяди?
Бири “сен тушунмайсан”, дейди.
Бошқаси “Аҳли бўлмасдан англай олмайсан”, дейди.
Яна бири эса “Аввал фалон китобларни ўқи, сўнгра Қуръонга ўт”, дея навбат тизиб беради.
Аммо Қуръон буларнинг ҳеч бирини маъқулламайди. Аксинча, у бундай парда орқали тўсишга уринишлар ҳақида илгари бўлиб ўтганларни мисол қилиб келтиради:
“Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз! (Шунда) зора ғолиб бўлсангиз», дедилар” (Фуссилат сураси, 26-оят).
Қуръонни сукутга чўмдиришга ҳаракат қилганлар бор эди. Бугун ҳам бор. Фақат шовқини ўзгарган, холос. Энди ўша шовқин илмий-академик атамалар ичига яширилган. “Бу калиманинг арабчаси фалон”, деб маъно четга сурилади. “Бу оятнинг маъносини биз топдик”, дейдиганлар кўпайди. Китобнинг асли ўрнига Китобга парда бўлган матнлар ҳақида гаплашилади.
Қуръон ҳар бир кишининг китоби. Оддий банда ҳам, буюк олим ҳам унинг (Қуръоннинг) хитобига дуч келади. Орага кирадиган ҳар қандай овоз эса унинг тўғридан-тўғри мурожаатини бўғиб қўяди. Ҳолбуки, Роббимиз нима дейди:
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).
“Бу (оятлар) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир баёнотдир” (Иброҳим сураси, 52-оят).
Бироқ бу шифодан, бу нурдан, бу даъватдан узоқ турганлар бор. Бу билан ҳам кифояланмасдан узоқлаштирадилар. Қуръонни тарк этадилар. Тарк қилиш фақат ўқимаслик эмас. Уни тушунарсиз деб ҳисоблаш, бошқаларга ҳам “тушуна олмайсан” деб уқтириш ҳам тарк этишдир.
“Пайғамбар айтди: «Эй Раббим! Дарҳақиқат, менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк этдилар»”(Фурқон сураси, 30-оят).
Юриб бораётган йўлнинг қаерда тугашини ҳеч ким билмайди…
Аммо сен ташлаб қўйма.
Чунки шон шу ерда,
Шараф шу ерда,
Нажот шу ерда,
Сен ҳам шу ерда бўл.
Робия ДАМИН қизи таржима қилди.
http://hidoyatuz.taplink.ws