Ҳаж ва умра сайру саёҳат эмас
Бугун айрим кишилар умра, ҳажга қай ҳолатда борган бўлсалар, шундай қайтиб келмоқдалар. Сарф қилган маблағлари ва чекаётган машаққатлари нечоғли катта бўлмасин, зиёратлари, ибодатлари номақбулдир. Чунки кўп ҳолатларда уларни зиёратга ундовчи нарса дунёвий манфаатлари бўлади. Унинг белгиси шуки, Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун кетаётган баъзи кимсалар ўзларининг муҳим вазифаларини унутиб қўядилар. Ҳолбуки, улар аввал ҳам бир неча марта зиёратга бориб келган бўлишади. Агар улар ўзларига: “Айни дамда зиммамга қайси ишни қилиш зарурроқ?” деган саволни бериб Долзарб мавзу Ҳаж ва умра сайру саёҳат эмас кўришганида, тўғри қарор қабул қилишлари мумкин эди. Лекин ўткинчи ҳой- ҳаваслар, истаклар, дунёвий манфаатлар ёки сайру саёҳат иштиёқи уларни чалғитиб қўймоқда. Бундай зиёрат билан фақатгина ўз нафсларини хурсанд қилишади, холос. Аллоҳ таоло ваъда қилган улуғ ажру савоблар, даражалардан маҳрум бўлишади.
Масалан, мен ҳаж ёки умрага бормоқчи бўлсам, ўйлаб кўраман: айни пайтда одамлар корига ярайдиган масъулиятли бир вазифага қўйилганман. Бир томонда эса зиёрат чорлаб турибди. Қай бирини қилишим ўринли ва афзал ҳисобланади? Ҳолбуки, иккиси ҳам – тоат-ибодат. Мен бундан аввал ҳаж қилганман. Яна боришим нафл ибодат бўлади. Аммо зиммамдаги вазифани, хизматни бажаришим ундан кўра муҳимроқдир.
Агар мен ҳам нафсимга қулоқ соладиган бўлсам, у: “Ҳамма ишингни йиғиштир-да, ҳаж (ёки умра)га жўна. Ўрнингга вазифангни бажариб турадиган бирортаси топилади, сен сафардан қолма. У жойга қанча борсанг, шунча кам. Ета олмаётганлар қанча, имкониятни қўлдан берма!” дейди. Шундай қилсам, мен фақат нафсимни хурсанд қилган бўламан, холос.
Ҳар ким, айниқса, аввал зиёратга бориб келган киши: “Ҳаж ёки умрага нима учун бораман? У мен учун фарзми, вожибми, суннатми, нафлми?
Бу ерда зиёратдан ҳам муҳимроқ ишлар қолиб кетмаяптими? Ҳажга бориш учун мендан кўра ҳақли одамларнинг ўрнини банд қилмаяпманми?” деган саволларни мулоҳаза қилиб кўрсин.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ маърузаларидан
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси
Таҳририятдан: Алломанинг маърузасида зикр қилинган муаммо бизнинг орамизда ҳам тез-тез учраб турибди. Баъзи одамлар учун ҳаж ё умрага бориш ибодатдан кўра қандайдир сайру саёҳатга ўхшаб қолгандек гўё. Бориб келаётганларнинг хулқи, тоат-ибодати, ҳаёт тарзида унинг ижобий таъсири кўринмайди. Ким кўп боришда мусобақалашади-ю, ундан таъсирланиб, ўзини ислоҳ қилиш масаласи хаёлига ҳам келмайди. Айримлар олдин ҳажга борган-у, яна йил бўйи нима қилиб бўлса-да, ҳатто вожиб вазифаларини унутиб, бошқаларни навбатдан ноҳақ суриб ташлаб, яна боришим керак деяверади.
Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Алданган киши нафлларни олдинга қўйиб, фарзларни ортга суради. Унинг қалбини нафлларни адо этиш истаги эгаллайди. Кўнгли ҳатто ўлим онида ҳам шуларга суянади. Бу улкан алданишдир.
Алданган киши ҳаж ё умрага бориб кўп тавоф, намоз билан машғул бўлади-ю, лекин уйига қайтгач, гуноҳлардан тийилмайди.
Ҳасан Басрийдан: “Ҳажжи мабрурнинг белгиси нима?” деб сўрашди. У: “Олдингидан ҳам тақволи бўлиб қайтишдир”, деди».
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан