Дунё ҳаётида, қабрда, охиратда ҳам…
«Аллоҳ пок сўзга қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур. Ёмон сўзнинг мисоли эса ер юзасидан узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар. Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор сўз билан собитқадам қилур. Золимларни эса, Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ (илму ҳикмат асосида Ўзи) хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим сураси, 24–27-оятлар).
“Аллоҳ пок сўзга қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайди…” Абу Бакр Кайсоний айтади: “Пок сўз – Қуръон, ёмон сўз – одамлар ёзган китоблар. Аллоҳ таоло Қуръонни яхши дарахтга ўхшатди. У хурмо ёки мева берадиган бошқа дарахт бўлиши мумкин. Одамлар тўқиётган ёлғон китобларни эса ёмон дарахтга – ҳеч қандай мева бермайдиган дарахтга ўхшатди”.
Қуръоннинг яхши дарахтга ўхшатилишининг сабаби одамлар ундан охир замонгача турли-туман манфаатлар олиб туришади, уни кесишмайди, у доимо барҳаёт бўлади.
Худди шундай, Қуръони каримнинг ҳам фойдаси доимий ва боқийдир.
“…Унинг илдизи (ер остига) ўрнашган…” Қуръони карим ҳам далил-ҳужжатлар билан мустаҳкам собитдир. Одамлар ёзган китоблар эса ботил ва бузуқ, ҳеч қандай далил-ҳужжати йўқ. Уларда на бардавомлик, на қарор, на собитлик бор.
Баъзилар айтади: “Пок сўз бу иймон ва тавҳиддир. У ҳам худди мевали дарахт каби ўсиб-улғаяди, ҳосил беради. Аллоҳ таоло у дарахтни қандай васф қилган бўлса, шундай”.
“…Шохи эса осмондадир”, яъни иймон ва тавҳиддан ҳосил бўладиган солиҳ амаллар ҳар вақт осмонга кўтарилади. Уни шохлари Аллоҳдан қўрқиш, хокисорлик, камтарлик, хавф ва ражодир.
“Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур”. Иймон ва тавҳиднинг меваси хайрли ишлар ва солиҳ амаллардир.
“Ёмон сўзнинг мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар”. Ёмон сўз бу ширк, куфр бўлиб, унинг шохлари кибру ҳаво, зулм, исёнкорлик ва ўжарлик, меваси эса гуноҳ-маъсиятлардир. Унинг на ҳужжати ва на бурҳони бор. Балки у шайтоннинг васвасаси ва нафснинг хоҳиш-истагига эргашиш ортидан келиб чиққан, холос. Шунинг учун у мевасиз ва ҳеч кимга фойда келтирмайдиган, керак бўлмайдиган ёмон дарахтга ўхшайди.
Бу ўринда масал келтириш бошқа маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни, бандалар маънавий нарсалар ҳақида тўғри тасаввур ҳосил қилишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳис қилиб, кўз билан кўриладиган нарсаларга қиёсламоқда. Шу тариқа, инсонларда уларнинг яхшиларига рағбат, ёмонларига эса нафрат уйғонади. Натижада, Аллоҳ таолонинг амрларига итоат қилиши, қайтариқларидан тийилиши осон кечади.
Худди шундай, дунёдаги оғриқлар, касалликлар ва машаққатларни ҳам инсонларни гуноҳлардан қайтариш, охиратда ана шундай азоблар борлигидан огоҳлантириш, турли ноз-неъматларни эса абадий неъматлар ва боқий лаззатларга ишора қилиш учун учун яратди.
Баъзилар айтади: “Аллоҳ таоло яхши дарахтдан мўминни назарда тутган. Зеро, мўмин ўзи ерда бўлса ҳам, амаллари ҳар куни кечасию кундузи осмонга кўтарилиб туради ва кўплаб ажр-савобларга эга бўлади.
“Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор сўз билан собитқадам қилур”, яъни тавҳид калимаси билан. Баъзилар: “Қабрларида Мункар ва Накирнинг саволларига жавоб беришда собитқадам қилади ва уларга шундай имкон яратиб беради”, дейишган.
Бу оят “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади”(Юнус сураси, 25-оят) маъносини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Ўзининг даъватини қабул этганларни жаннатга элтувчи йўлга бошлайди.
“Золимларни эса, Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур”. Бу ўринда Аллоҳ таоло залолатга кетказишни Ўзига нисбат бермоқда. Баъзи ўринда уни шайтонга ҳам нисбат берган. Шубҳасиз, шайтонга нисбат берилган нарса ёмонлаш маъносидадир. Аллоҳ таолога нисбат берилган жиҳат шайтонга нисбат берилганидан бошқа бўлади. Аллоҳ таолога нисбат берилган жиҳат кофирда залолат феълини яратиш бўлса, шайтонга нисбат берилган жиҳат зийнатлаб кўрсатиш ва васваса қилишдир. Шунда ҳар икки нисбат ҳам тўғри бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг даъватини инкор этганларни охиратда тинчлик диёрига элтувчи йўлдан адаштиради. Чунки у дунёда ҳақни қабул қилмади.
Аллоҳ (илму ҳикмат асосида Ўзи) хоҳлаган ишни қилур, яъни ҳақни қабул қилган ва ҳидоятни ихтиёр этган кишининг ҳидояти, ҳақни қабул этмаган ва залолатни ихтиёр этганларни адаштириш борасида Ўзининг хоҳлаганини қилади.
“Таъвилотул Қуръон” асаридан Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws