Куёвда ғурур устун, келиннинг тили узун…
Ҳар куни биз учун бир сабоқ. Бирини кўриб фикр қилсак, яна бирига шукр деймиз. Ишим юзасидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш – халқ тилида загсга бордим. Никоҳдан ўтаётган ёшларнинг бахтдан масрур чеҳраси барчани хурсанд қилади. Шайх Муҳаммад Абу Заҳра никоҳни шундай таърифлайди: “Никоҳ эркак ва аёл орасидаги яқинликни, ўзаро ҳамкорлигини ифода қилувчи ҳамда иккисининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини чегараловчи ақддир”. Бахт ва саодат остонасида турган ёшларни табриклар эканман, уларга ҳаётда эр-хотин ўртасидаги муносабат, ота-онани иззат-ҳурмат қилиш ҳақидаги тушунчаларни Қуръони карим, ҳадислар билан асослаб бердим. Шунингдек, мутасаддилар томонидан қонунчиликда никоҳнинг шартлари ҳақида гапирилди. Ватанимизда яна бир барпо этилган оилага бахт тиланди.
Шундан сўнг навбатдаги иш учун туман ҳокимиятидаги яраштирув хонаси томон йўл олдим. Ўзгача ҳиссиёт чулғаб олди. Ҳозиргина бир бахтли оилани барпо этишининг гувоҳи бўлдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай ажрим ёқасидаги оила билан суҳбатлашаман…
Навбатини кутиб турган оилаларнинг норози қиёфаси, аҳён-аҳёнда янграб турган ҳақоратли сўзлар кайфиятимни хира қилди. Туман ҳокимияти яраштирув комиссия раиси ва аъзолари, ички ишлар инспектори ва мен оилаларнинг бузилиш ёки қолиш масалаларини кўра бошладик. Ахир айтишади-ку, “Қушнинг ҳам уяси бузилмасин”. Баъзан асосли сабаблар бизни ўйлантирса, арзимаган иш дея ажримни “осон ечим” дейдиган ёшлардан хафа бўламиз. Ҳозир кириб келган ажрашиш аҳдидан қайтмаган ёшларнинг сабаблари ҳам арзимаган, ислоҳ қилса, муроса қилса бўладиган бир ҳолат – куёвда ғурури устун, келиннинг тили узун. Икки томондагилар жанжаллашар, бу манзара ичида келинчак қўйнидаги қизалоқнинг ёшга тўла кўзлари, тобора қўрқиб чўкиб бораётган жуссаси барчамизнинг эътиборимизни тортди. Оиланинг барча қариндошлари хонадан чиқиб кетиши сўралди. Энди жанжал эр-хотин ўртасида давом этарди.
«У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса икковлон Раббилари Аллоҳга: “Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз”, деб дуо қилдилар» (Аъроф сураси, 189-оят). Бугун қанчадан-қанча оилалар фарзанд илинжида ҳар қандай сабабларни қилиб кўрмоқда.
Оиласини сақлаб қоладиган жигарбандлари учун дунёсини сарф қилаётганлар камми? Бироқ Аллоҳ берган неъматнинг қадрига етмай хор қилаётганлар, шукр келтирмаганлар қандай бахтли бўлар экан?!
Аёлнинг ҳаёси ва итоати, эркакнинг сабри ва шукри баъзан бўлиб турадиган дилхираликларга барҳам беради. Рўзғорнинг муаммолари бўлиши табиий, лекин ундан қочиб, масъулиятдан қутулиш эмас, ҳал қилиш лозим. Афсуски, қариндошларнинг аралашуви ҳам ажримнинг асосий сабабларидан биридир. Шунинг учун эркак оиласини қўрғондай ҳимоя қилиши, бировларнинг аралашувига йўл қўймаслиги керак.
– Қизим, ким билан қолишни истайсан?
Гарчи бу савол 5 ёшли қизчага берилмаса-да, оиладаги носоғлом муҳит улғайтириб қўйган қизча кўзида ёш билан: “Аям билан ҳам, дадам билан ҳам яшашни истайман”, деди-да, отаонасининг қўлларини маҳкам ушлади.
Ота кўзидаги ёшини яшириш учун ерга қаради, она қизалоғини бағрига босди. Онанинг қалби фарзандининг бахтсизлигини кўтаролмайди. Аёл узр сўради. Қизалоқ отаонасининг ғазаб ва нафратдан йироқ муносабатларини кўриб: “Адажон, паркка олиб борасизми?”, “Ойижон, манти егим келяпти, пишириб беринг”, дея эркаланди.
Бу ҳолат ташқаридаги қариндошларга ҳам таъсир қилди. Йигитнинг онаси ёнимга келиб: “Фарзандларимни бахтсиз қилишимга оз қолди. Яхши ҳам муддат беришади, ўйлаб кўриб ноўрин ғазабдан тушишимиз учун. Сизларга раҳмат”.
Шундай экан, ўйлаб кўриш, шошилмаслик, ота-она ўзининг ҳаловати учунгина эмас, келажак авлоднинг тақдири учун ҳам тўғри қарор чиқариши лозим.
Марзия ЭШҚУВВАТОВА,
Самарқанд вилояти Нарпай тумани бош отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws