Таҳоратида иккиланадиган киши
Аббод ибн Тамим розияллоҳу киши анҳудан ривоят қилинади: «Аббод ибн Тамимнинг амакиси доим намоз ичида бир нарса бўлди (таҳоратим синди) деган хаёлга борадиган кишининг ҳолати ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Овоз эшитмагунча ёки ҳидни сезмагунча намоздан суғурилиб чиқиб ёки қайтиб кетмасин”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
“Овоз эшитмагунча ёки ҳидни сезмагунча” жумласи “шу икки ишдан бири аниқ содир бўлмагунича” деган маънодадир. Шунинг учун қачон шундай ишлар аниқ содир бўлса, гарчи ҳид сезмас одам ҳидни сезмаса ҳам, кар киши овозни эшитмаса ҳам, таҳорат синган ҳисобланаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари ҳукмни мазкур икки иш билан чеклаш эмас, балки сўровчининг саволига жавоб ўлароқ айтилган.
Мазкур ҳадиси шарифдан уламолар “Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўққа чиқарилмайди” деган қоидани олганлар. Бу қоида кўплаб ҳукмларга татбиқ қилинган.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Ҳошия”сида айтади: “Агар бир киши таҳорат олганини аниқ билса-ю, шу таҳоратини бузувчи ишнинг содир бўлганига иккиланса, аниқ тарафини олади (яъни ўзини таҳоратли ҳисоблайди)”.
Ушбу қоиданинг рўза борасидаги мисоли: саҳарлик қилиб ўтирган одам тонг отиб қолди, деган шубҳага борса, ейишни тўхтатиш керак. Мабодо шунда ҳам еб-ичиб қўйса, рўзаси бузилмайди. Чунки кеча аниқ, тонг отгани эса, номаълум. Шубҳа аниқ нарсани йўққа чиқаролмайди.
Шунингдек, кун ботди, деган гумон билан оғзини очса-ю, аслида ҳали ботмаган бўлса, рўзасини бузган ҳисобланади. Чунки кундуз аниқ, қуёшнинг ботгани эса, гумон. Гумон билан аниқ нарса йўққа чиқмайди.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳадис таҳоратида васвасага тушиб қолганлар учун гўзал ечимдир.
Абдулбосит МЕЛИБОЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси