Гуноҳга олиб борувчи восита ҳам қораланган
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Биронтингиз биродарига қурол ўқталмасин! Зеро, у билмайдики, шайтон (қуролни) унинг қўлидан чиқариб юборса, дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин”» (Имом Бухорий ривояти).
Шариат беш зарурат: дин, жон, ақл, насаб ва мол-мулкни ҳимоя қилади. Эътибор берилса, шариатдаги барча ҳадлар ана шу заруратларга тааллуқлидир. Масалан, динни сақлаш учун муртадга, ўзганинг молига ёки жонига тажовуз қилувчига, ҳеч бир далилсиз бировни зинода айбловчига, ақлни тўсувчи ичимлик ичувчига шариатимиз жазо қўллайди.
Ҳадисда беш заруратдан бири – жонни ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритилмоқда. Яъни бирор кишини ўлдириш, унга қайси ҳолда бўлса-да, тажовуз қилиш ёки унинг ҳалокатига олиб борувчи барча сабаблар ман этилмоқда. Масалан, жиддий ёки ҳазилона бўлсин, мусулмонга қурол ўқталиш ҳаром. Агар ким шундай қилса, ҳадисда келганидек, қурол отилиб кетиши ёки шайтон унинг қўлидан чиқариб юбориши билан биродарининг ўлимига сабабчи бўлиши мумкин.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом яланғоч қилични беришдан қайтардилар”, дейилади (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). Демак, ҳар қандай ўткир тиғли асбобларни беришда эҳтиёткор бўлиш лозим. Чунки улар билан бирор кишини жароҳатлаб қўйиш мумкин. Тиғли асбобларни ғилофга солиб, кейин бериш керак. Шунингдек, пичоқнинг тиғ тарафини ерга қаратиб, дастаси билан узатиш лозим.
“Биронтингиз биродарига қурол ўқталмасин!” Ушбу қайтариқ ҳаромга далолат қилади. Ҳадисда қурол ўқталишга сабаб келтирилмади. Демак, пўписа, ҳазил ёки ўйин қилишдан қатъи назар, мусулмонга қурол ўқталиш мумкин эмас.
“Зеро, у билмайдики, шайтон (қуролни) унинг қўлидан чиқариб юборса”. Яъни шайтон унинг қўлини ҳаракатлантириб юбориши ва киши биродарини ўлдириб қўйиши мумкин.
“Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин”. Киши ўзи истамаган, кутмаган ҳолда дўзахийлар амалини қилиб қўйиши мумкин.
Ҳадисда қурол ўқталишдан қайтарилмоқда. Яъни киши қуролни ўзгага ўқталади, сўнг: “Отилиб кетди”, дейди. Бу энг ёмон ҳолга тушиб қолишга сабаб бўлади. Шу боис шариат катта гуноҳ содир бўлмаслиги учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам қайтаради.
“Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин”. Боиси у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолар. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким биродарига темир бўлаги ўқталса, то уни туширмагунича фаришталар уни лаънатлаб туради”, деганлар. Яъни киши темир бўлаги, қурол, пичоқ, найзани биродарига ўқталса, фаришталар уни лаънатлаб туради.
Агар киши хусуматчиларини огоҳлантириш мақсадида дўқ-пўписа учун қурол олиб келиб: “Менга молимни бер, ҳақимни бер”, деса ва фақат пўписа қилган бўлса, қуролини туширгунча уни фаришталар лаънатлаб туради.
Қурол ўқталган кишининг ҳоли шундай экан, биродарини қасддан ўлдирган кимсани тасаввур қилиш қийин эмас.
Аллоҳ барчамизни ёмон оқибатлардан асрасин.
Қибрай тумани бош имом-хатиби
Миродил МИРЖАЛИЛОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws