Жойимиз бурчакда бўлмасин десак…
Билими ва кўникмалари кичик ёшиданоқ шаклланган инсонлар ҳаётда катта ютуқларга эришиши минглаб маротаба тасдиғини топган ҳақиқат. Шунга қарамай, баъзи ота-оналар боласининг таълим олишини қачон бошлаш масаласида нотўғри фикр юритиб, “Сал эсини танисин, кейин ўқитамиз”, “Суяги қотаверсин-чи…” деб хотиржамликка берилади ва бунинг оқибатида фарзанди айни керак вақтида таълим ололмайди.
Айниқса, болага мантиқ илмини ёшликдан ўргатиб борилса, ундаги шу кўникма ёши улғайгани сари мустаҳкамланиб боради. Натижада у ўзи ҳақ деб билган масалада ҳар қандай даврада муҳокамага кириша олади ва фикрини исботлаш қобилиятини намоён қилади. Бунга яқин ва узоқ тарихда мисоллар кўп, улардан бири мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдир. У зотнинг бу фанда қанчалик моҳирликларини таърифлашга қуйидаги биргина мисолнинг ўзи кифоя:
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан одамлар: “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўрашганда, “Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим”, деб жавоб берган экан.
Бу фаннинг инсон, жамият ва давлат ҳаётида қанчалик муҳим роль ўйнашига эътибор қаратган Масару Ибуко (Sony корпорацияси асосчиларидан) бундай деган эди: “Яҳудий таълимининг ўзига хос хусусияти шундаки, ўқитувчи болаларга шунчаки ўргатмайди, балки А ва Б жуфтлигини тузиб, уларга мавзуни батафсил муҳокама қилдиради. А га қизил ранг тўғри, Б га эса қора ранг тўғри деган мавзу бериб, боланинг қанчалик ишонтириш қобилиятига эгалигини, бошқа болаларни қай даражада ишонтира олишини синайди. Узоқ муҳокамалардан сўнг энди қизил ва қора рангларнинг ўрнини алмаштириб яна худди шундай муҳокамани бошлашади. Аввал қизил рангнинг тўғри эканини таъкидлаган бола энди қора рангнинг тўғрилигини даъво қилади.
Таълим муассасаларида болалар кичиклигидан бундай машғулотлар кўп ўтказилади. Шунинг учун агар оддийгина имтиҳон топшириб, имтиҳондан ўтгани учун адвокат бўлган япон ҳуқуқшуноси яҳудий адвокатига дуч келса, бурчакка тиқилиб қолади ва у билан мантиқан рақобатлаша олмайди”.
Ушбу таърифдан аён бўладики, биз бошқа миллатлардан ортда қолиб кетмаслигимиз учун улуғ аждодларимиз анъанаси бўлган эрта таълим тизимига, айниқса, мантиқ илмини фарзандларимизга ўргатиш услубига мурожаат қилишимиз керак. Боғчалар ва бошланғич синфларда боланинг фикрлаш қобилияти ривожланишига ҳисса қўшадиган жиддийроқ дарсликлар яратиш устида бош қотиришимиз лозим. Акс ҳолда жойимиз ўша япон адвокатиникидан ҳам бурчакроқда бўлиб қолади.
Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала, 11), дея илм олган инсонларнинг даражасини баланд қилишини хабар қилган. Имом Бухорий ҳазратлари эса “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам”, деб илм таърилаган.
Демак, инсоннинг даражасининг баланд бўлиши ҳам, нажот топиши ҳам илм билан бўлар экан. Уни фарзандларимизга тили чиққаниданоқ ўргата бошлайлик. Ахир ким ҳам жигарпорасининг нажот топишини истамайди.
Робия ДАМИН қизи
http://hidoyatuz.taplink.ws