Гапимиз ёқимсиз, ёзувимиз серхато, нега?
Қай бир соҳа эгаси бўлмасин, она тили ва адабиётни чуқур ўрганмоғи, уни ўз ҳаётига татбиқ этмоғи шарт. Чунки атрофдагилар билан муносабатларда ҳам, таниш-нотаниш давраларда ҳам мантиқли сўзлаш, фикрни фасоҳат ила баён эта олиш керак.
Тараққиёт асрининг энг оғриқли муаммоларидан бири бу ёшларнинг тил ва адабиётдан узоқлашиб бораётганидир. Бугун ёшларда китоб ўқишга хоҳиш кам, кўпчилигининг дарди смартфон. Уларнинг аксарияти сўз маъносини тўғри қўллаш у ёқда турсин, ҳатто оддий саводхонликдан бехабар. Хато ёзади, жумлани тўғри туза олмайди.
Масаланинг моҳиятига чуқурроқ назар солсак, бугунги билимсиз авлод эртага келажак авлодни тарбиялаши керак. Табиийки, қалби маънавиятимиз дурдоналаридан баҳра олмаган инсон фарзандларига эртак, топишмоқлар айтмайди. Шу сабабли муаммога миллатнинг дарди деб қарамоғимиз керак.
Она тили ўқитиш соҳасида ҳам грамматикани ўрганишга катта аҳамият қаратилгани ҳолда, сўз таълимига етарлича эътибор берилмаётгани катта муаммолардан биридир. Масалан, ўқувчи мумтоз адабиётни ўрганишда луғатлар билан ишлашни билмайди. Оқибатда эса шоир ижодини таҳлил этиш ва тушунишда қийинчиликларга дуч келади. Грамматикани яхши билмай туриб, нутқ мукаммаллигига эришиб бўлмайди.
Иншо ва баён ёзишда ҳам оқсоқликлар кўзга ташланади. Аксарият ўқувчилар фикрини тўғри баён эта олмайди, режа тузишни билмайди. Бу муаммонинг ҳам асосий сабаби болани сўз билан ишлашга ўргатмаганимиздир. Олий ўқув юртларига қабул жараёнида тест топшириб ўқишга кириш оқибатида ёшларнинг иншо ёзишдек қобилиятини бой бердик.
Боланинг оилада тўғри тарбия олиши, виждонли, ҳалол, ростгўй, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши замирида ҳам ота-онанинг она тили ва адабиёти фанига меҳри бошқача бўлганини пайқаш қийин эмас. Адабиёт, бадиий асарлар орқали олинган ҳаётий хулосалар инсонни ҳар томонлама камолотга етаклашини унутмаслигимиз керак.
Она тилини ўрганиш, унга ҳурмат ва эътиборда бўлиш бутун бир миллатга тегишли мунтазам жараён. Ўзимизга савол берайлик: фарзандимизнинг нутқи равон, ҳуснихати, имло саводхонлиги жойидами?
Ҳавасхон ШОКИРОВА,
Наманган давлат педагогика институти профессори, филология фанлари доктори
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws