Ҳанафий фиқҳи билимдони
Юртимиздан етишиб чиққан кўплаб олим ва фузалолар турли соҳалар, айниқса, фиқҳ илми ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Уларнинг қолдирган асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, кўплаб исломий таълим муассасаларида асосий манба сифатида фойдаланилмоқда.
Шу билан бирга, юртимизда илм ва фиқҳ анъаналари авлоддан-авлодга ўтиб борган илмий сулолалар – олим ва фақиҳлар оилалари шаклланган. Улар орасида Маҳбубийлар оиласи алоҳида ўрин тутади.
Ушбу сулоланинг етук вакилларидан бири – Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий ҳам фиқҳ илми тараққиётига катта ҳисса қўшган. Олимнинг исми борасида баъзи ихтилофлар мавжуд бўлса-да, у Садруш-шариъа Акбарнинг ўғли ва Садруш-шариъа Асғар Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг она томондан бобоси эканига барча иттифоқ қилган. Лақаби Бурҳонуш-шариъа, баъзи манбаларда Тожуш-шариъа деб ҳам аталган. Аммо баъзи тадқиқотчилар Тожуш-шариъани унинг акаси Умар ибн Аҳмадга нисбат беришади.
Табақотларда у зотнинг насаби улуғ саҳоба Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳугача етиб боради. Доктор Салоҳ Абулҳож таърифича, олимнинг тўлиқ насаби икки хил шаклда ривоят қилинган. Салоҳ Абулҳож уни “ан-Ниқоя” муаллифи Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг она томондан бобоси бўлганини ва унга “шариат, ҳақ ва диннинг бурҳони” деб таъриф берилганини таъкидлайди. Биринчи эҳтимолга кўра, Тожуш-шариъа ва Бурҳонуш-шариъа битта шахс бўлиб, “Ҳидоя”ни шарҳлаган ҳам айнан шу зот бўлиши мумкин. Иккинчи эҳтимолга кўра, улар икки ака-ука бўлиб, Тожуш-шариъа – Умар (ука), Бурҳонуш-шариъа эса – Маҳмуд (ака). Кўпгина муаррихлар, шунингдек, доктор Салоҳ Абулҳож ҳам шу фикрни маъқул кўрган.
Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий ўз отаси Садруш-шариъа Акбар орқали йирик уламолар силсиласига мансуб бўлиб, унинг санади Сарахсий, Ҳалвоний, Насафий ва ниҳоят Имом Абу Ҳанифагача етиб боради.
У “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидоя”, “Воқеъот” ва “Фатаво” асарларини ёзган. Унинг “Виқоя” асари ҳанафий фиқҳидаги тўрт асосий матндан бири ҳисобланади. Унга 20 дан зиёд шарҳлар ёзилган. Энг машҳури – набираси Убайдуллоҳнинг “Шарҳул Виқоя” асаридир. “Виқоя” турк, форс ва Ҳанафий фиқҳи билимдони урду тилларига таржима қилинган бўлиб, 56 китоб, 104 боб, 24 фасл ва 3 та “Масаили шатта”ни ўз ичига олади.
Маҳмуд ибн Аҳмад ҳижрий 673 йили вафот этган ва Кирмонда дафн этилган.
Хулоса қилиб айтганда, Маҳбубийлар оиласи юртимизда фиқҳ, илм-фан ва ҳанафий мазҳаби ривожига улкан ҳисса қўшган сулоладир. Маҳмуд ибн Аҳмад Бухорий томонидан ёзилган “Виқоятур ривоя” асари бугунги кунга қадар ўз қийматини йўқотмаган ва ҳанафий фиқҳининг муҳим манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Абдуғулом МЕЛИБОЕВ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws