Ҳиро маданият маркази Маккаи мукаррама ҳақида ранг-баранг меросни тақдим этмоқда
Маккаи мукаррамадаги Ҳиро маданият марказига ички ва ташқи мамлакатлардан келган турли миллат вакиллари катта қизиқиш билдирмоқда. Сабаби, ушбу маскан маданий ёдгорлик, сайёҳлик маркази ва маърифий йўналиш сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
“Жабали Ҳиро” Ҳиро тоғ минтақаси ёнида жойлашган мазкур лойиҳа майдони 67 минг квадрат метрдан ортиқ ҳудудни эгаллайди.
У ерда меҳмонлар маркази бўлиб, ташриф буюрувчиларга жойнинг тарихи, географик аҳамияти, хизмат турлари ва улардан қандай фойдаланиш ҳақида маълумот берилади.
Саудия ахборот агентлиги “ВАС” хабарига кўра, бу маҳалла маданий ва кўнгилочар бой тажрибани тақдим этади. Турли тоифадаги жамият вакиллари учун махсус туристик мазмундаги хизматлар йўлга қўйилган. Бу орқали Макка аҳолиси ва меҳмонлари учун янги маърифий муҳит яратилган.
Маҳалладаги энг диққатга сазовор жойлардан бири — Ваҳий кўргазмасидир. Унда Пайғамбарларга ваҳий тушиши тарихи баён қилиниб, хотамул анбиё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлишига алоҳида бўлим ажратилган.
Бу ерда Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий келиш жараёни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидан лавҳалар, ҳазрати Хадича розияллоҳу анҳонинг ўша пайтдаги мавқелари замонавий техник усулларда намойиш этилади. Томошабин аудио ва визуал саёҳат орқали бой таассурот олади.
Лойиҳа таркибидаги Қуръони карим музейи Маккадаги Қуръони каримга бағишланган биринчи махсус музей ҳисобланади. Унда Аллоҳнинг каломи, унинг улуғлиги, оламшумуллиги, мусулмонлар ҳаётидаги ўрни ва унга бўлган эҳтиром замонавий технологиялар орқали намоён қилинган. Шунингдек, ноёб Қуръони карим қўлёзмалари ҳам сақланади.
Мажмуада маданий кутубхона, Ҳиро боғи, дам олиш жойлари, турли ресторан ва қаҳвахоналар мавжуд. Шунингдек, Саудия қаҳваси музейи ҳам бор бўлиб, меҳмонлар қаҳва ичиб, унинг тайёрланиш усуллари ва мамлакатнинг турли ҳудудларидаги маданий жиҳатдан хилма-хиллигини ўрганишлари мумкин.
Ушбу лойиҳага Маккаи Мукаррама шаҳри ва муқаддас машоирлар, қироллик ҳайъати раҳбарлик қилади. Лойиҳа Макка вилояти амирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм вазирлиги, Пойтахт маъмурияти, Раҳмон меҳмонларига хизмат дастури ва Вақфлар умумий ҳайъати ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.