Соҳиби узр ким?
Бир мўмина аёлнинг баданида қони сизиб турадиган жароҳат бўлса ёки елини ва ё пешобини тутолмаса, унинг таҳорати нима бўлади?
Ҳаёт давомида инсоннинг ҳолати ўзгариб туради. Бугун соғ бўлса, кейинги кун бетоб бўлиб қолади. Динимиз ҳукмлари мусулмоннинг ҳар бир ҳолатини қамраб олган. Улар узрли (соҳиби узр) бўлишади.
Аёлдан ҳайзнинг ўнинчи кунидан ўтиб, нифоснинг қирқинчи кунидан кейин ҳам келадиган қон, уч кундан кам қон келиши, ҳомиладордан келган қон истиҳоза бўлади. Истиҳоза кўрган аёл ҳам соҳиби узрдир. Набий алайҳиссалом истиҳоза кўрган аёлга: “Ҳар бир намоз вақти учун таҳорат ол”, деганлар. Бу ҳукм ҳамма соҳиби узрларга тегишлидир.
Манбаларда, орқа авратидан доимий ел келадиган, бурни қонайдиган, жароҳат ва турли хил тошмаларидан доимий сув чиқиб турадиган, цистит (эркакларда простатит) касаллигига дучор бўлиб, бавл томчилаб турадиган ёки аёллардаги шамоллаш туфайли ҳидли суюқликлар ёки истиҳоза келиб туриши каби доимий таҳорати бузилиб турадиган кишилар узр соҳиблари дейилади.
Соҳиби узрлар ҳар бир намоз вақти учун таҳорат қилади ва шу таҳорати билан намоз вақтида истаганича фарз, нафл намози ўқиши мумкин. Шу жумладан, битта фарз намоз вақти тугагунича бир таҳорат билан ҳаж ёки умра амалларини ҳам истаганича бажараверади. Соҳиби узр бўлган аёллар Қуръон ўқиш, зикр қилиш каби бошқа ибодатларда соҳиби узр бўлмаган аёлнинг ҳукмидек бўлади.
Узр соҳиби аёл таҳорат қилгач, узридан бирор нарса чиқса, таҳорати бузилмайди. Лекин унда таҳорат бузувчи бошқа ҳолат содир бўлса, масалан, бурни қонайдиган киши таҳорат қилгач, ундан ел чиқса, таҳорати бузилади.
Намоз вақти чиқиши билан узрли аёлнинг таҳорати синади. Масалан, соҳиби узр пешиннинг охирги вақтида таҳорат олса, аср вақти кириши билан таҳорати бузилади.
Демак, соҳиби узр саналиш учун фарз намоз вақти аҳамиятли. Соҳиби узр аёл узридан кейинги намоз вақтларда бир марта бўлса ҳам, бирор нарса келса, чиқса, соҳиби узр бўлиб қолаверади.
Соҳиби узр аёл узридан кейинги бир намоз вақтида ҳеч нарса чиқмаса, соҳиби узр бўлмай қолади.
Тишини пешин намози киришидан бироз олдин олдирган аёл намознинг охирги мустаҳаб вақтигача кутади. Агар қон тўхтамаса, таҳорат қилиб, намозини ўқийди. Пешин намозининг вақти чиқмасдан қони тўхтаса, у узр соҳиби бўлмайди. У ўқиган намозини қайтадан таҳорат қилиб ўқиши лозим. Агар пешин вақти ўтиб кетган бўлса, қазосини ўқийди. Агар унинг тиши қонаши пешин намозининг вақти чиқса-да, тўхтамаса, намозини қайта ўқимайди. Чунки соҳиби узр экани маълум бўлган. Узри келиб турадиганларнинг кийими ёки намоз ўқийдиган жойига дирҳам ёки ундан кўпроқ нажосат тегишининг ҳукми шуки, агар намозини ўқиб бўлгунча қайта нопок бўлмаса, аввалгисини ювиши шарт. Агар қайта нопок бўлса, уни ювиши зарур бўлмайди.
Кимнинг оёғида жароҳат бўлса, намозни тик туриб ўқиганда ундан қон чиқса, ўтириб ўқиса қон чиқмаса, намозини ўтириб ўқийди.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws