Ёшлигимиздан сўраламиз
“Бу энди саксонинчи йилларнинг гапи”, дейди сочлари олақуроқ бўлиб қолган даврадошимиз. “Мактабни тугатган йиллари орзу ҳавасларимиз мўл, аммо қаёққа қўл узатсак, қўлимиз калталик қилади: иш йўқ, ўқиш йўқ. Тезроқ ҳарбий хизматга олиб кетса-ю, шу бекорчилик азобидан халос қилса, деб чақирув қоғозини кутиб юрибмиз. Бекорчилик шу қадар жонимиздан ўтиб кетганки, ҳатто Афғонга жўнатишларига ҳам розимиз. Бир дўстим бор, иккаламиз анҳор кўприги устида суҳбатлашиб ўтириб тонгларни оттириб юборамиз.
Яқинда дўстим ёшлик йилларимизни хотирлаб ичидан бир хўрсиниқ келди ва: “Ўша кезларда илм ўрганишимиз керак экан-да”, деди.
У ёшлигимизда илм олмасдан авом одамлар бўлиб қолганимиздан афсусланаётган эди. Бунинг янада ташвишли томони ҳам бор. Унинг пушаймонлигини янада кучайтирмаслик учун айтмай қўявердим. Аммо ўзимнинг ичимда шундан доим қаттиқ қўрқувим бор. Бу – Қиёматда ёшлигимизни қандай ўтказганимиздан сўралишимиздир…”
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир” (Имом Термизий, Баззор ва Табароний ривоят қилганлар).
Инсон умрини нималарга сарф этганидан сўралганидек, ёшлик даври учун алоҳида сўроқ қилиниши – ёшликнинг нақадар муҳим эканига ишора қилади. Демак, “Мен ҳали ёшман, қариганимда амалимни кўпайтираман”, деган важу карсонлар мутлақо асоссиз.
Қолаверса, инсон ёшлик давридаги улкан салоҳиятини фойдали ва хайрли амалларга ўргатиб олмаса, кейин бу ишга одатланиши қийин бўлади. Албатта, “Зарардан қачон қайтилса ҳам фойдали”, деган ибора бор. Аммо энг яхшиси – ёшлик ташлаб кетмасдан, уни қадрлаш ва унумли фойдаланишдир.
Зотан, биз, Одам ато авлодлари – Аллоҳга ибодат қилиш ва ер юзида Унинг халифаси бўлиш учун яратилганмиз. Шу сабабли Раббимиз бизни энг гўзал суратда яратди, ақл ва қалб бериб безатди. Энди эса ҳар биримиз – Раббимизнинг тарбиясида камолга етишимиз, улуғ хислатларга эга бўлишимиз ва одамларга, наботот ва ҳайвонотга Раббимизнинг раҳмати ва адолати билан муомала қилишимиз керак. Бу – ҳар бир инсон учун муқаддас вазифа. Уни адо этиш учун бутун умр камлик қилиши мумкин. Шундай экан, умримизнинг энг қимматли қисмини исроф қилиб қўйсак, қолган кичик қисми билан бу вазифани бажаришимиз осон бўлмайди.
Демак, ёшликда ушбу вазифага жиддий киришиш керак. Шундагина ёш инсон улуғ шахсиятга эга бўлиб етишади. Унинг ҳаёти фақат биологик жараён эмас, балки маънавият, руҳоният билан боғлиқ улуғ мазмунга айланади.
Шунинг учун ҳар бир ёш йигит-қизнинг томирида жўш ураётган қизғинликни тўғри йўналтириш учун аниқ мақсади бўлиши керак. У умрининг ўзидаги барча қобилиятлари бўй кўрсатиб турган энг юксак палласини – ёшлигини Аллоҳ таоло ҳузурида энг олий даражаларга олиб чиқадиган йўлга сарфламоғи лозим.
Бунга эришиш учун эса ҳаёт тарзини, дўстларини ва ҳатто умр йўлидаги ҳамроҳини ҳам ана шу олий мақсадга мос равишда танламоғи зарур.
Дамин ЖУМАҚУЛ
http://hidoyatuz.taplink.ws