Чиқиндисиз яшаш мумкинми?
Маҳалладан ўтиб борарканман, бир отахон ўғли билан тортишаётгани қулоғимга чалинди. Улар бир уюм шох-шаббаларни ёқиш ҳақида баҳслашаётганди:
– Ёқиб юборайлик, – деди ўғил.
– Йўқ, тура турсин, бирор киши олиб кетар, – деди ота.
– Дада, кеч бўлди. Уйга кирсангиз-чи?
– Ёқмайсан, гап тамом, вассалом.
– Булар кимга ҳам керак? Ёқиб қутуламиз. Чиқинди йиғадиган машина ҳам олиб кетмайди.
– Ёқсанг, маҳаллани тутунга тўлдириб, қўшниларга озор берасан. Эрта-индин бирор кишига бериб юборарман.
Ўғил гапга кўнмасди…
Дарҳақиқат, ота-боболаримиз, ёши улуғларимиз қадимдан табиатни ҳам, дов-дарахтлар, ер-осмонни, сувни ҳам ниҳоятда қадрлаган. Бугун-чи? Бу қарашлар тарихга айланди. Табиатга бўлган муносабат ўзгарди. Бизда на одамларга, на ён-атрофга бўлган меҳр қолди. Барчасини қулай яшаш, нафсимиз йўлида қурбон қилаётгандекмиз.
Бугун хоҳ пойтахтимиз кўчалари бўлсин, хоҳ бошқа шаҳар ва туман кўчаларида, жамоат жойларида, кўп қаватли уйлар атрофида, йўл четидаги ариқ ва анҳорларда уюм-уюм баклажка, турли энергетик ичимлик идишлари, елим халтачалар — хуллас, турли чиқиндиларга кўзингиз тушади. Агар ободонлаштириш ходимлари бир кун тозаламаса ёки ахлат ташувчи машиналар бир кун чиқиндиларни олиб кетмаса, жуда аянчли манзара пайдо бўлади. Айниқса, ёз кунларида бу чиқиндиларнинг ҳиди барчани беҳузур қилади.
Маълумотларга кўра, бир инсон кунига ўртача 0,74 килограмм, ёки йилига 270 килограмм чиқинди чиқаради. Бутун дунёда кечаётган шаҳарлашув оқибатида эса чиқиндилар ҳажми янада ортмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда дунёда чиқиндилар миқдори 2,01 миллиард метрик тоннани ташкил этган бўлса, 2050 йилга бориб бу рақам 3,4 миллиард метрик тоннага етиши кутилмоқда. Булар орасида энг катта муаммога айланаётгани пластик чиқиндилардир.
Экологияга бундай муносабат жавобсиз қолаётгани йўқ. Йил сайин табиий офатлар, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик каби улкан муаммолар ортиб бормоқда. Энди одамзот табиат инжиқликларига чидаши баробарида ўзидан чиқаётган чиқиндиларни йўқ қилиш билан ҳам курашмоқда.
Бу борада ютуққа эришаётган мамлакатлар оз бўлса-да, бор. Масалан, Швециядаги чиқиндининг атиги бир фоизигина чиқиндихонага юборилади. Мамлакат саноат чиқиндиларини бартараф этиш, аҳолидан чиқадиган чиқиндиларни камайтириш, уларни қайта ишлаш борасида катта муваффақият қозонган.
Японлар ҳам бу борада ўрнак бўлмоқда. Айниқса, Камикацу қишлоғи “чиқиндисиз қишлоқ” номи билан дунёда машҳур. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида бу ердагилар чиқиндини фақат ёқиш йўли билан йўқотишар, ундан келаётган заҳарли ҳидлардан эса ўзлари азият чекарди. Бир куни қаттиқ бўрон чиқиб, чиқинди полигонидаги ахлатларни атрофга сочиб юборади ва бутун қишлоқ чиқиндилар ичида қолади. Шундан хулоса қилган японлар чиқиндини камайтириш, қайта ишлашга бел боғлайдилар ва беш йил ичида “чиқиндисиз қишлоқ” даражасига эришадилар.
Камикацуликлар ўзи чиқарган чиқинди учун жавобгар эканини ҳис қилади. Энг асосийси, ҳеч бир буюмга “чиқинди” деб қарамайди. Кераксиз нарсалардан имкон қадар унумли фойдаланишга, қайта ишлашга ёки ўғит сифатида ишлатишга интилади. Харид жараёнида ҳам чиқинди чиқмайдиган буюмларни танлашга, ортиқча қадоқланган маҳсулотларни олмасликка ҳаракат қилади.
Биз кўпинча турли соҳаларда АҚШ, Европа, Япония каби ривожланган мамлакатларни мисол қиламиз, лекин бу эртак эмас. Улар бу даражага илм, тафаккур ва хатолардан тўғри хулоса чиқариш орқали эришган.
Афсуски, бизда хотиржам ва фаровон яшашимиз учун мукаммал Қуръони карим таълимоти бўлса-да, ундаги кўрсатмаларга тўлиқ амал қилмаяпмиз. Аслида, чин мўмин барча соҳада намуна бўлиши керак эмасми?
Бир сўз билан айтганда, японлару шведлардан кам жойимиз йўқ. Фақат табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Бунинг учун давлат қарорлари ёки “тепадан” буйруқ кутиш шарт эмас.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун қўйди” (Ҳуд сураси, 61-оят).
Яна бир оятда: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 56-оят).
Ҳадиси шарифда эса шундай дейилган: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ва соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар” (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, бу оят ва ҳадисларга амал қилаётганлар кўп эмас. Агар ҳамма амал қилганида эди, кўчаларимиз бу қадар ифлос бўлмасди.
Уламолар таъкидлаганидек, Аллоҳ таоло инсонга бу дунёдаги барча неъматларни омонат қилиб берган ва ҳар бир неъмат учун сўрайди. Қуръонда шундай дейилади:
“Сўнгра, ўша кунда сизлар (берилган) неъматлар ҳақида албатта сўраладиган бўласизлар” (Такасур сураси, 8-оят).
Шундай экан, келинг, табиатга бўлган муносабатимизни қайта кўриб чиқайлик. Биздан одамлар озор чекмаётгандир, аммо бизга омонат қилиб берилган она табиат-чи?
Бобур МУҲАММАД
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws