Тошкентда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси марказида “Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Глобаллашув даврида муқаддас манбаларнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри англаш ва илмий асосланган тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ва бошқалар сўзга чиқишди.
Халқаро илмий доира вакилларидан Россия ва Қозон университетлари ректори, профессор Рафик Мухаметшин, Ҳусайн Фаизханов номидаги Нижегород ислом институти ректори ҳамда Москва ислом институти биринчи проректори Тимур Фахретдинов мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир доирасида Тошкент ислом институти билан Қозон ислом университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Анжуман ўз ишини “Қуръоншуносликнинг долзарб масалалари” ҳамда “Глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни” деб номланган икки шўъбада давом эттирди.
Шўъбаларда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент ислом институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси вакиллари қаторида Миср, Туркия, Россия каби давлатлар нуфузли университетларининг профессор-ўқитувчилари илмий маърузалар билан қатнашди.
Анжуман якунида иштирокчиларнинг Ислом цивилизацияси маркази музейига саёҳати ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати