Фақат Қуръон кифоя қиладими?
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 89-оятида: «Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик», деб марҳамат қилади.
Бу ояти каримани ўқиган инсон зеҳнига дарҳол: “Қуръонда ҳамма нарса баён этилган бўлса, динимга амал қилишда бошқа нарсага не ҳожат?” деган хаёл келиши мумкин. Лекин бундай хаёлга борган киши оятдаги “ҳамма нарса”дан мурод нималигини тушуниб етмайди. Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” номли асарида оятдаги “ҳамма нарса”ни “динга тааллуқли ишлар”, деб тафсир қилган.
Саҳобаларнинг ижмоси ва қиёс каби манбалар зарурлиги, уларсиз Аллоҳнинг каломини англаш мушкуллиги келиб чиқади.
Аҳмад ибн Абу Саид “Манор”га битган шарҳининг “Қиёс” бобида Қуръони каримда барча нарса баён этилгани, лекин ҳамма ҳам уларни англай олмаслигини айтган. Чунки оятлар баъзи маъноларни очиқ-ойдин ифода этса, баъзиларига ишора қилади, холос. Шунинг учун Исломнинг аввалидаёқ Қуръони карим маъноларини очиб беришга хизмат қиладиган тафсир илми пайдо бўлган.
Саҳобалар араб тилининг асл эгалари, унинг завқини ҳис қила оладиган бўлишларига қарамай, Ҳақ таолонинг каломини тушунишда Набий алайҳиссаломнинг баёнларига муҳтож бўлганлар.
Шундай экан, биз ҳам бугун Қуръони каримни тўғри англашимиз учун ҳадиси шарифларга, мужтаҳид имомларнинг ижтиҳоди ва изоҳларига муҳтожмиз. “Бизга Қуръоннинг ўзи кифоя” деб, нафақат мужтаҳидларнинг сўзларини, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларини, суннатларини тарк этиш залолатнинг энг каттаси бўлади.
Абдураҳмон АБДУБАННОЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws