Исроф йўқолмаса, машмашалар камаймас
Яқинда бўлган бир воқеа: қайнона ҳар икки гапнинг бирида келинга унинг ота-онасининг орзу-ҳаваси йўқлиги, маросимларни ўтказмагани, буюмларининг сифатсизлигини айтиб айблагани учун бир оила бузилди. Шу каби можаролар сабаб ҳатто келин ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги воқеалар, афсуски, ижтимоий тармоқларда ҳам тез-тез кўзга ташланяпти…
Шариатимиз ҳар қандай исрофни қатъий қоралайди. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: “…исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26–27-оятлар).
Ҳолбуки, никоҳ Аллоҳ таолонинг раҳмати билан инсониятга берилган катта неъмат бўлиб, у меҳр-муҳаббат ва ўзаро тотувликка асосланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом никоҳнинг Исломдаги ўрнини алоҳида таъкидлаганлар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас” (Имом Бухорий ривояти).
Тўйлардаги ортиқча дабдаба, ҳашамат ва кимўзарга базм қилиш баъзи инсонларни молиявий оғир аҳволга солиб қўймоқда. Бундай тўйлар исрофдан бошқа нарса эмас. Исроф эса катта гуноҳдир, унинг оқибати моддий ва маънавий зарардан бошқа нарса эмас.
Тўйларда дабдаба ва исрофни чеклаш, маърака-маросимларни камхарж, диний кўрсатмалар ва миллий анъаналарга мос равишда ўтказиш борасида тарғибот ишлари олиб бориляпти. Чунки тўйлардаги исрофни тўлиқ бартараф этиш фақат қонун ва иқтисодий жарималар билан эмас, балки халқнинг бу муаммони онгли равишда англаб етиши билан ҳал бўлади. Жамиятда шундай тушунча шаклланиши керакки, дабдаба ва ҳашамат моддий аҳволга эмас, балки маънавий қадриятларга боғлиқ экани англаб етилсин. Бунда уламолар, зиёлилар ва маҳалла фаолларининг тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбек халқи тўйларининг мазмун-моҳияти исломий тартиб ва миллий урф-одатлар билан боғлиқ бўлиб, унда камтарлик, самимият ва барака устувор бўлган. Ота-боболаримиз учун тўй яқинлар орасида шодлик улашишга сабаб бўлган. Ҳозирда эса кўпчилик оилалар тўйларни обрў масаласи деб билиб, керагидан ортиқ сарфлашмоқда. Қимматбаҳо ресторанлар, тўйдан олдинги ва кейинги чорлар, келинкўрди базмлари, ялтир-юлтир либослар учун миллионлаб маблағ сарфланаётгани айни ҳақиқат. Бу эса тўйларнинг асл мақсадини йўқотиб, риё ва манманликка йўл очади.
Тўй шодлик эмас, балки қарз каби балони олиб келади — қачонки биз дабдабанинг ортидан қувсак. Яқинда ёш келин-куёв тўйини ҳашаматли ўтказиш, қимматбаҳо тўйхона ва бошқа ортиқча маросимлар билан ота-оналарини ташвишга қўйишди. Натижада қарзни тўлаш учун куёв хорижга кетди. Кўп ўтмай ёш келин хиёнат билан ушланди. Бу — жуда шармандали ҳолат.
Оила қуришда ёшларни келажакдаги ҳаёт синовларига тайёрлаш, уларни сабр-тоқатли, касб-корли ва маърифатли қилиб тарбиялаш муҳим. Токи улар учун ҳашамат ва исроф эмас, балки муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва оила масъулияти биринчи ўринда бўлсин.
Ойгул ЗИКИРОВА,
Қарши шаҳар бош отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws