Эр зиммасидаги нафақа
Динимизда “нафақа” дейилганда, таом (емак), кийимбош ва тураржой тушунилади. Кишига ўзганинг нафақаси уч сабабдан бири билан: эрхотинлик, қариндошлик ва эгалик сабабидан вожиб бўлади. Эрга вожиб бўлган нафақа эр ва аёлнинг ҳолатларига кўра бўлади.
Эр киши зиммасига балоғатга етмаган фарзандларининг нафақаси ҳам вожибдир. Эр-хотин ажрашса ва болалар аёл билан кетса ҳам, фарзандларнинг нафақаси отанинг зиммасида бўлади.
Балоғатга етган ўғил фарзандлар нафақаси, узатилмаган қизнинг нафақаси ота зиммасидан соқит бўлмайди.
Хотинига: “Ўзингнинг пулинг бор, эҳтиёжингга ўшани ишлат” дейишга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур” (Талоқ сураси, 7-оят); “Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” (Бақара сураси, 233-оят); “У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг” (Талоқ сураси, 6-оят).
Муовия Қурайший розияллоҳу анҳу айтади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ! Зиммамизда хо тинларимизнинг қандай ҳақи бор?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Овқатланса, уни ҳам таомлантиради. Кийинса, уни ҳам кийинтиради. Юзига урмайди. Ҳақорат қилмайди ва келишмай қолса, бир уйда орқа ўгириб ётади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Ҳинд бинти Утба: “Ё Расулуллоҳ! Абу Суф ён зиқна одам, менга ва боламга етарли нарсани бермайди. Шунинг учун озуқани унга билдирмай оламан”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Эр аёлининг нафақасидан вақтинчалик ожиз қолса, ажратилмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар ночор бўлса, бойигунча кутинг” (Бақара сураси, 280-оят). Агар эр аёлини ражъий, боин ёки уч талоқ қилса ҳам, иддаси чиққунича нафақасини беради. Яъни аёлнинг иддаси чиққунча унинг тураржойи, таоми, кийимкечаги эрнинг зиммасида бўлади. Агар талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомила туғилгунича аёлни эр тураржой ва бошқа нафақа билан таъминлаши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг иддаси бола туғилганида чиқади.
Эр хотинига талоқ бериши билан уни уйидан ҳайдаб чиқариши катта гуноҳдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Идда тугагунча) уларни (яшаб турган) уйларидан (ҳайдаб) чиқармангиз ва улар ҳам ўзларича чиқиб кетмасинлар! Фақат улар очиқ фаҳш (бузуқлик ёки идда ўтмай чиқиб кетиш каби) ишни қилсалар гина (уйларидан чиқарилурлар). Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди” (Талоқ сураси, 1-оят).
Шайх Аҳмад Ризвон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло агар бандага яхшиликни ирода қилса, унга эҳсон-саховатни яхши кўрсатиб қўяди. Чунки жаннат бахиллар, хасислар учун ҳаромдир”. Шундай экан, оилага хасислик қилмаслик керак.
Хулоса шуки, ҳар биримиз зиммамизда кимнинг қанақа нафақаси борлигини билиб вақтида адо этишимиз лозим.
“Ҳидоя”, “Мухтасарул виқоя” ва “Баҳрур роиқ” асарлари асосида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан