Шахсни аниқлаш илми
Фиросат – инсоннинг ташқи кўриниши, тана тузилиши, ранги, овози ва ҳаракатларига қараб унинг хулқ-атвори, табиати, ҳатто фазилат ва нуқсонларини аниқлайдиган илм. Бу илм соҳиби одамларни худди китоб ўқигандек ўқий олади. У қуйидаги омилларга таянган:
– юз шакли ва ифодаси;
– кўзлар, оғиз, пешона белгиси;
– овоз (нинг йўғон ёки ингичкалиги);
– ҳаракат ва юриш тури;
– тана ранги ва мушаклар ҳолати.
Иёфат – ердаги одам ёки ҳайвон изига қараб, у ҳақда маълумот бера оладиган илм. “Бу ердан бир эркак от миниб ўтган” ёки “Бир аёл чақалоғи билан мингашган” ёхуд “Бу оёғи майиб туянинг изи” каби. Иёфат илми чўлли ҳудудларда, айниқса, доимий сафарлар ва ўрмон ҳаётида ниҳоятда муҳим бўлган. Маълумотлар қуйидагича аниқланган:
– изнинг чуқурлиги: оғирлик ёки югуриш ҳолатини билдиради;
– қадамлар орасидаги масофа: одам чарчаган ёки тез юриб кетганини англатади;
– из шакли: эркак-аёл, ёш-кекса соғ-касалликдан далолат беради. Иёфат илмида бадавий араблар, хусусан, Нажд ва Ҳижоз қабилалари моҳир бўлганлар.
Қиёфат – фиросат ва иёфатни ўзида жамлаган аниқ, дақиқ ва чуқур илм. Бу илм одамнинг изига қараб, унинг эркак ё аёллигини, кекса ёки ёшлиги, кўр ёки соғлигини, ҳатто оқил ёки аҳмоқлигини ажратиш, шунингдек, отага қараб болани, акага қараб укани таниш, қабила аъзолари орасидан бегонани фарқлаш имконини берган.
Бу илмлар генетика ва психология пайдо бўлишидан юз йиллар олдин ҳам арабларда мавжуд эди. Исломда ҳам қиёфат илмига мурожаат қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида боланинг отасини аниқлаш учун Мужзаъ ибн Ториқ исмли қиёфачига мурожаат қилингани Имом Моликнинг “Муватто” асарида келтирилган. Қиёфат илмида Бани Мудлиж, Бани Лаҳаб қабилалари ниҳоятда моҳир бўлишган.
Имом Молик (“Муватто”), Имом Шофеъий (“Ал-Умм”), Жоҳиз (“Албаян ват табйин”), Асмоъий (“Адабий ривоятлар”), Ибн Халдун (“Муқаддима”), Ибн Манзур (“Лисонул араб”), Ибн Қоййим Жавзия (“Ал-Фираса”), Жоҳиз (“Ал-Ҳайаван”)да ушбу илм ҳақида ёзганлар.
Ушбу уч илмнинг замонавий илмлар билан муносабати:
1. Психологияни фиросатнинг замонавийлашган шакли дейиш мумкин. Чунки у ҳам худди фиросат каби инсоннинг ташқи белгиларига, жумладан, мимика, кўз қимирлаши, оёқ-қўл ҳаракати; тананинг ҳолати, овоз оҳанги, тезлиги ва қувватига қараб хулоса чиқаради. Бу нон-вербал алоқа деб аталади. Масалан, ФҚБ, махсус хизматлар, полиция ва психотерапевтлар одамнинг юз ифодасидан ёлғон ёки безовталик ҳолатини англай олишади.
2. Иёфат ва криминалистика (Forensics). Замонавий криминалистика ва суд-экспертиза фани иёфатга жуда яқин. У ҳам оёқ излари, чуқурлиги, пойафзал тури, ердаги чанг, тупроқ, ҳатто изда қолган биологик намуналар (тер, қон ва бошқалар)ни таҳлил қилиш орқали аниқ хулосалар чиқаради.
3. Қиёфат ва ДНК илми, биометрика ва насаб таҳлили Замонавий илмлар:
– ДНК тестлари: боланинг отаси ёки онаси эканини 99.9% аниқлайди;
– Face recognition (юздан таниш): компьютер алгоритмлари юз шаклини таниб олади;
– насаб таҳлили: генеалогик дарахтлар қуриш орқали қариндошликни аниқлаш. Масалан, бугунги кунда судда фарзандликка олиш ёки оталикни аниқлаш учун қиёфат илми ўрнига ДНК тест натижалари тақдим этилади. Лекин асосий ғоя, яъни ўхшашлик орқали насабни аниқлаш – қадимги қиёфат илмига асосланади.
Хулоса қилиб айтганда, қадимда инсонларнинг ҳаётий эҳтиёжлари сабаб юзага келган ушбу илмлар ривожланиб, мукаммаллашиб, алоҳида йўналиш ва тармоқларга бўлинди. Улар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Анвар АҲМАД тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws