Пластик ликопчалар
Аҳмад бобо анча кексайиб қолди. Қуввати кетиб, қўллари қалтирар, ҳатто овқатни зўрға ерди. Ўғли бундан хуноб бўлиб, отасининг овқатланадиган жойини алоҳида қилди. Бироқ набираси Ҳасан бобосига меҳрибон эди. Имкон бўлди дегунча овқатлантириб қўярди.
Кунларнинг бирида қария қўлидаги ликопчани синдириб қўйди. Шундан сўнг ўғли пластик ликопчалар олиб келди ва келини ушбу ликопчаларда унга таом берадиган бўлди. Бир куни набираси Ҳасан эса иккита ликопчани алоҳида ажратиб қўйиб:
– Она, уларни ташлаб юборманг. Келажакда керак бўлади, – деди.
Отаси қизиқсиниб:
– Буларни нима қиласан, ўғлим? – деди. Ҳасан жавобан:
– Сизлар қариганингизда овқатни мана шу ликопчаларда бераман, – деди.
Ҳасаннинг бу гапини эшитган ота-онаси ҳушёр тортди ва қилган ишидан жуда афсусланди ҳамда отахонни ҳам ўзлари билан бирга ўтиришга таклиф этди. Агар улар ота-онага яхши муносабатда бўлиш инсонни жаннатга етаклайдиган амаллардан эканини билганида, ўзларини бундай тутмаган бўларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Термизий ривояти).
Охунжон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан