Танбалликка кўникиш – фожиа
Бир одам ҳайвонот боғининг филлар сақланадиган бўлимига келганида ғалати бир манзаранинг гувоҳи бўлди. Ҳеч бир фил қафасда эмасди. Уларни занжирда эмас, тор жойда битта оёқлари оддий ип билан боғлаб қўйилган эди. Одам эса, филлар нега кучларидан фойдаланиб ипларни узиб, кетиб қолмаётганларидан ҳайрон. Аслида кучли фил буни осонгина бажариши мумкин. Бироқ ҳеч бири бунга уриниб ҳам кўрмасди. Одам манзарани кузатиб, бу сирни билишга қизиқди, филбонга мурожаат қилди: “Филларнинг оёқлари оддий ип билан боғланганига қарамай, нега ҳеч қочишга уринмаяпти?” Филбон жавоб қилди: “Бунинг сири оддий ! Уларни кичкиналигида худди шундай ип билан боғлаб қўярдик. Кичик бўлганлари учун ипни узиб кетолмасди. Катта бўлганида ҳам ўша “ишонч” сақланиб қолади. Ип ҳали ҳам уларни ушлаб туришига ишонишади ва ҳеч қачон қутулишга ҳаракат қилишмайди!” Филларнинг у ердан қочмасликларининг асосий сабаби вақт ўтиши билан тутқунликка кўникиб қолганидадир.
Қиссадан ҳисса шуки, атрофингдагилар ҳақ йўлидан қайтаришга нечоғлик ҳаракат қилишмасин, хайрли мақсадлар сари интилишдан асло тўхтамаслигимиз керак. Бирор ишни қила олишингизга бўлган ишонч бизни зафар томон йўллайдиган илк қадам саналади. Болаликдаги қўрқувларимиз улғайгач, муваффақиятимизга тўсқинлик қилмасин. Ўзимизга ишонайлик, ҳаракат қилайлик. Балки муваффақиятсизлигимиз сабаблари ўз кучимизни тўғри баҳолай олмаслик, буни аниқлашга ҳаракат қилмай танбаллик қилиш ва унга кўникиб қолганимизда; янги ишни бошлашга ғайрат кўрсата олмаслигимизда ҳам бўлиши мумкин!
Нигора АБДУМУХТОР тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан