Ҳаромдан тийилиш
Бола солиҳ бўлиши учун эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларнинг энг асосийси ота-онанинг нафақат ҳаром, балки шубҳали луқмалардан ҳам эҳтиёт бўлишидир. Чунки ейилган таомларининг таъсири катта. Таоми ҳалол ва пок, нияти тўғри ва адолатли, нафси устидан ҳоким бўлган кишиларнинг фарзандлари кўпинча дуруст ва мўмин банда бўлиб етишадилар.
Егани ҳаром, нияти бузуқ, нафсининг ҳоли ҳам абгор кишининг фарзанди эса қароқчи, кофир ёки зиндиқ бўлади. Чунки бола пайдо бўлган “сув” қандай таомдан кучланган ва қайси нафси билан тарбия топган бўлса, унга монанд бўлади. Шу сабабли ҳам: “Бола отанинг сиридир”, дейилади. “Руҳул фурқон” тафсирида «Марям онамизнинг “жаннат аёлларининг саййидаси” бўлишлари, Исо алайҳиссаломнинг нубуввати Имрон оиласининг хоними Ҳанна она ниятининг тўғрилиги баракотидандир», дейилади.
Ейилган таом боланинг ахлоқ, ақл, мия ва руҳ тузилишига катта таъсир кўрсатади. Мавзунинг аҳамиятини тўлароқ англаш учун “Исломда ҳалол луқманинг аҳмияти қандай?” номли бобда бу борадаги оят ва ҳадислар билан бирга ҳалол таомланишнинг чин маънода мусулмон бўлиш, солиҳ фарзандлар тарбиялаш учун шарт бўлган омил эканлиги ҳақида сўз боради. Кейинроқ эса “Бола тарбиясида ҳалол ва ҳаром луқманинг таъсири” номли бобда солиҳ фарзанд тарбия қилишни истаган ота-оналар аввало қандай муаммоларни ечишлари лозим, нималарни ҳаётларига татбиқ этишлари шарт, деган саволларга жавоб берамиз.
Фақат ҳалол луқма ҳақидагина эмас, Исломда еб-ичишнинг мўмин сифатида яшашимизда қанчалик аҳамиятли эканига “Еб-ичишда исломий ўлчовларга риоя қилиш” номли бўлимида тўхталамиз.
Еб-ичиш мавзуси динимизда фарзанд тарбиясининг тамал тоши десак, муболаға бўлмайди. Тўрт йилдан буён оналар учун ўтилаётган “Тасаввуфда инсон тарбияси” номли дарсларимизнинг аввалида кириш сифатида “Ҳалол ва соғлом таомланиш” таълимини беришни бошладик. Шукрки, ҳафтада бир кун бериладиган, бу билимлар натижасида оналар уйғондилар, билим олишни ва болаларини ҳалол луқма билан исломий усулларда тарбиялаш дардига тушдилар. Бу хатти-ҳаракатларининг натижасида тарбия борасида аҳамиятли натижаларга эришдилар. Устозимиз доимо: “Эй Аллоҳ! Муҳаммад алайҳиссалом умматининг барча оналарини уйғот, шуурли ва билимли қил. Бизлар ожиз, заиф ва гуноҳкормиз. Уларни Сен тарбия қил! Дунё ва охиратда барчага нур сочадиган, Сен рози бўладиган бандаларингдан айла!” деб дуо қилади.
Сўзимиз сўнгида бир нарсани эслатмоқчимиз, Иброҳим алайҳиссалом сўйиши учун жаннатдан туширилган қўчқор Ҳобилнинг қўчқори эди. Қилинган бир яхшилик, қирқ насл алмашгач ҳам фойда келтираверади!
“Ҳар она билиши керак” китобидан
Нигора МИРЗАЕВА таржимаси.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws